Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 19/10/2016 Мирзиёев Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишни таклиф қилди
Мирзиёев Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишни таклиф қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида нафақат ислом маданияти, балки умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишни таклиф қилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016-йилнинг 18-октябрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида қайд этиб ўтди.

“Бундай ташаббуснинг моҳияти нафақат ислом маданияти, балки умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишдан иборат.

Мазкур марказнинг Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида яратилиши мантиқий иш бўлур эди. Буни бир қатор қулай омиллар тақозо этмоқда:

биринчидан, Самарқанднинг мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканлиги билан боғлиқ дунё цивилизациясидаги мумтоз ўрни;

иккинчидан, энг буюк мусулмон мутафаккирларидан бири, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорийнинг табаррук мақбараси жойлашган ушбу минтақага хос бўлган алоҳида маънавий-руҳий муҳит.

Таклиф этилаётган тадқиқот маркази Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида «Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази» деган улуғвор ва рамзий номга эга бўлиши мумкин бўлур эди.

Умид қиламизки, бизнинг ушбу ташаббусимизни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби Ияд Маданий Жаноби олийлари қўллаб-қувватлайдилар ва бу лойиҳани амалга оширишда керакли кўмакни берадилар.

Ўзбекистоннинг яна бир ташаббуси – Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг махсус кафедрасини Тошкент ислом университети таркибида ташкил этиш билан боғлиқдир.

Янги кафедра фаолиятининг асосий йўналишини мусулмон дунёсидаги таълим, илм-фан ва маданият тарихи ҳамда уларнинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва улар ҳақида талабаларга чуқурлаштирилган махсус курсларни ўқиш ташкил этиши мумкин бўлур эди”, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг