Валюта курслари 11/04/2025
$1 – 12968.38
UZS – -0.04%
€1 – 14343.03
UZS – 0.1%
₽1 – 152.37
UZS – 0.78%
Қидириш
Ўзбекистон 07/04/2025 Минтақа парламентлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Минтақа парламентлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 апрель куни Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган параллел тадбир ўтказилди.

Учрашув Парламентлараро Иттифоқ томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон парламентлари, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, Парламентлараро Иттифоқ ва ЮНИСЕФ вакиллари иштирок этди.

Муҳокамалар мавзуси асосан инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишда, айниқса, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини амалга оширишда миллий парламентларнинг роли таҳлилига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирокчиларга табрик сўзи билан мурожаат қилар экан, ушбу тадбирнинг алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Чунки мазкур тадбир минтақанинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакилларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кун тартибини ривожлантиришда ва БМТ механизмлари билан самарали ҳамкорлик қилишда миллий парламентларнинг ролини муҳокама қилиш учун бирлаштирди. А.Саидов Марказий Осиё парламентларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ўзаро ҳамкорликнинг барқарор механизмига ўтиши нечоғлик долзарб ва муҳимлигини қайд этди.

"Бундай механизм нафақат тажриба алмашиш, балки қўшма кун тартибини шакллантириш, минтақавий ташаббусларни ишлаб чиқиш ва БМТ механизмлари билан барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини ҳам беради" – деди БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси.

"Глобал ноаниқлик, инқирозлар ва янги хатарлар шароитида парламент барқарорлик нуқтаси бўлиши керак. У нафақат қонун ижодкорлиги маркази, балки адолат, мантиқ ва ҳимоя излаётган фуқаро учун таянч бўлиши лозим" - дея таъкидлади А.Саидов.

Унинг нутқида минтақа парламентлари ва халқаро институтлар ўртасидаги конструктив мулоқотнинг муҳимлиги, шунингдек, замонавий таҳдидлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий механизмларини кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Софи Киладзе маъруза қилди. У парламентларнинг БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича органлари билан ўзаро ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлади ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муваффақиятли миллий амалиёт намуналарини тақдим этди.

Парламентлараро Иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси вакиллари иштирокчиларга инсон ҳуқуқлари соҳасида парламент салоҳиятини ошириш бўйича мавжуд ресурслар ва имкониятлар ҳақида маълумот бердилар.

Тадбирнинг марказий қисми интерактив мунозаралардан иборат бўлди. Унда парламентлар аъзолари миллий қонунчиликка халқаро стандартларни жорий этиш, парламент назоратини амалга ошириш, БМТ механизмларида иштирок этиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида барқарор сиёсатни шакллантириш масалалари юзасидан тажриба алмашдилар.

Мунозараларда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини самарали татбиқ этиш, ижтимоий соҳада парламент назоратини кучайтириш, камситишга йўл қўймасликни таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ёндашувини қонун ижодкорлиги жараёнига сингдириш мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир Марказий Осиё минтақасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг