Беларус пойтахтида 7-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Листапад халқаро кинофестивали ўз якунларини сарҳисоб қилди. Ушбу кинофестивалда жами 40 дан ортиқ давлат ва 100 га яқин фильмлар иштирок этди. Якунлаш маросимида Ўзбекистон 4 та халқаро мукофотга сазовор бўлди.
Листапад кинофестивалининг «Энг яхши режиссёр учун» мукофоти Шуҳрат Маҳмудовнинг «Матонат» ҳужжатли фильмига топширилди. Фильм Иккинчи жаҳон уруши йилларида Германиянинг «Aмерсфорт» лагеридаги 101 нафар ўзбекистонлик аскарларнинг жасорати ва шижоатига бағишланган.
Режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинган «Aёл қисмати» бадиий фильми «Инсонпарварлик ва умуминсоний қадриятлар мавзусининг долзарблиги учун» номинациясида махсус мукофотга сазовор бўлди. Фильм Сурияда жангарилар томонидан алданиб, озодлик сари қийин йўлни босиб ўтган аёл ҳақида ҳикоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ойда бу картина Туркияда ўтказилган «Қўрқут ота» халқаро кинофестивалида «Энг яхши бадиий фильм» Гран-присига ҳам сазовор бўлган эди.Ёш кинорежиссёр Aкром Шаҳназаров томонидан суратга олинган «101 рейс» бадиий фильми эса давлатлараро «Мир» телерадиокомпаниясининг «Кино тили – дўстлик тили» номинациясининг махсус мукофоти билан тақдирланди.
МДҲ давлатлари кинематографларининг ишчи йиғилишида Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Aбдухолиқов МДҲ Ижроия қўмитасининг «МДҲга аъзо давлатлар кинематография соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун» дипломи билан тақдирланди.
Қўшимча қилиш жоизки, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ишлаб чиқарилаётган қўшма маҳсулотлар (ко-продукция) сони бўйича етакчи деб тан олинган. Айнан шунинг учун ҳам Минскда бўлган Кинематография раҳбарлари
йиғилишида МДҲ давлатлари кинематографлари халқаро ижодий альянси штаб-квартирасини Ўзбекистон раислигида Тошкент шаҳрида жойлаштириш тўғрисидаги қарор бир овоздан қабул қилинди.