Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 16/09/2016 “Миллий тикланиш” Президент лавозимига номзодни тасдиқлаш учун октябрь ойида съезд ўтказади
“Миллий тикланиш” Президент лавозимига номзодни тасдиқлаш учун октябрь ойида съезд ўтказади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 16-сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Пленумда 2016-йил 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг иштироки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод кўрсатиш таклифи ҳамда партиянинг навбатдаги Съездини чақириш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Пленумда эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016-йилнинг 9-сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.

Пленумда таъкидланганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Уставида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиши белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда Пленумда партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод кўрсатиш таклифи Пленум аъзоларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида кўриб чиқилди. Бу борада партия тарафдорлари ва фаоллари томонидан қўллаб-қувватланган Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари Отамуратов Сарвар Садуллаевич Съездда кўриб чиқиш учун партиядан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод сифатида маъқулланди.

Амалдаги сайлов қонунчилигига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига партия томонидан номзод кўрсатиш партиянинг олий органи – Съезди томонидан амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, Пленумда жорий йил 15 октябрь куни партиянинг навбатдаги V Съездини чақириш ва бу масалани Съезд муҳокамасига қўйишга келишиб олинди.

Пленум сўнгида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунига асосан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат олиш учун партия томонидан Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатлар тақдим этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг