Маълумки, ўзлигини англаган инсон, аввало, ўз аждодлари, халқи тарихини пухта билади. Тарихий хотира одамзодни аниқ мақсадли ва кучли иродага эга шахс сифатида шаклланишига ёрдам беради. Ўзлигини англаган, қадрият ва анъаналарини эъзозлаган, тарихий хотирасини асраган халқ иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар тараққиётга юз тутиши, шубҳасиз. Бу мустақиллик йилларида мамлакатимиздаги барқарорлик, халқимизнинг тинч, аҳил ва фаровон ҳаёти мисолида яна бир бор исботини топди.
Албатта, ушбу ютуқлар осмондан тушгани йўқ. Барчасига халқимизнинг машаққатли меҳнати, кучли саботи ва метин иродаси туфайли эришилмоқда. Халқимиз, айниқса, ёшларнинг онгу қалбини турли зарарли ғоялардан асраш, тарихимизни, миллий қадрият ва анъаналаримизни пухта билишлари, азалий маънавий қарашларимизнинг бугун ҳам ҳаётимизда мустаҳкам ўрин топишига эришиш жараёнида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам муносиб иштирок этмоқда. Айниқса, партиянинг “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, халқимизнинг фаровонлиги ошиши, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш ва илгари суриш, Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва бойитишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов Сайловолди дастурида бу борада ниҳоятда ҳаётий ва долзарб қатор ғояларни илгари сурмоқда.
Партия бугун ҳам халқимизнинг бетакрор ва улуғвор тарихий, маданий ва интеллектуал мероси, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитиш, унинг ютуқларини навқирон ва баркамол авлод орасида кенг тарғиб қилиш тарафдори.
Бунда Сарвар Отамуратов “Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ” тамойили асосида халқимиз тарихини холис ва тизимли ўрганиш, ўзбек халқининг ўтмиши ва бугунги кунини баҳолашда бир ёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихининг бузиб, -сохталаштириб талқин этилишига қарши курашиш йўлини танлади. Аслида ҳам, тарихий хотира тўлақонли равишда тикланган, халқ босиб ўтган йўл ўзининг барча муваффақият ва зафарлари, йўқотиш ва қурбонлари, қувонч ва изтироблари билан холис ва ҳаққоний ўрганилган тақдирдагина чинакам тарихга айланади.
Мамлакатимиздаги мавжуд маданий мерос объектлари узоқ ўтмишга эга миллий давлатчилигимиз ва халқимиз тарихидан садо бергувчи асосий манбалардир.
Мамлакатимиз ҳудудида 7345 та моддий-маданий мерос объекти жойлашган. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари муҳофаза этиладиган тарихий ёдгорликлар, Наврўз умумхалқ байрами, Бойсун маданий мероси, миллий мусиқа санъати — Катта ашула, Шашмақом, миллий ҳажв санъати — Аския эса номоддий маданий мерос объектлари сифатида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, музейларда 2,5 миллиондан зиёд музей буюмлари ва коллекциялари мавжуд, архивларда маданий мерос объектлари бўлган миллионлаб ҳужжатлар сақланмоқда.
Мустақиллик йилларида мамлакат миллий бойлиги бўлган маданий мерос объектларини қайта тиклаш, муҳофаза қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Улардан фойдаланишни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар яратилди.
Аммо халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳлари томонидан ўтказилган назорат-таҳлил хулосалари маданий мерос объектларини хатловдан ўтказиш, паспортларини тайёрлаш, сақлаш, таъмирлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, моддий-маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш тўлиқ даражада амалга оширилмаяпти ва бундай объектларни муҳофаза қилиш чегараларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, моддий-маданий мерос объектларининг муҳофаза белгиларини ўрнатиш етарли даражада таъминланмаяпти.
Маданий мерос объектларини ҳисобга олиш ишларини яхшилаш талаб этилади, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларининг тўлиқ тоифалаштирилган рўйхатини тузиш зарур.
Шунингдек, бепул фойдаланишга берилган моддий-маданий мерос объектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ сақланиши устидан назорат ўрнатиш лозим. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва фойдаланишни тартибга солувчи тегишли -қонуности ҳужжатларининг ишлаб чиқилмаганлиги ҳам номзод томонидан белгиланган вазифаларнинг долзарблигини кўрсатмоқда.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Сарвар Отамуратов Сайловолди дастурида маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музейлар, архивлар, кутубхоналар ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу йўналишдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш вазифаларини устувор этиб белгилади.
Номзод архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш, қайта таъмирлаш, бугунги кунгача ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига кирмаган осориатиқаларни унга киритиш вазифасини муҳим, деб билади.
Бу ва соҳадаги бошқа масалаларни ҳал этиш учун моддий-маданий меросни қайта тиклаш ва капитал таъмирлаш жамғармасини туристик фаолият билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисобидан ташкил этиш ташаббусини билдирди.
Яна бир гап: бугун музейларимизни айлансангиз, кўп ҳолларда, энг нодир экспонатларнинг нусхасини кўрасиз. Чунки уларнинг асли — асрлар давомида буюк алломаларимиз яратган бебаҳо маънавий дурдоналар тарих тақозоси билан чет мамлакатларда қолиб кетган ёки олиб чиқиб кетилган. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод бу борада мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда хорижий мамлакатлар кутубхона, архив ва музейларида сақланаётган ўзбек алломалари, мутафаккирлари ва ёзувчи-шоирларининг илмий ва бадиий асарлари, умуман, халқимиз тарихига оид моддий бойликларни Ўзбекистонга қайтаришда янада фаоллик кўрсатишни асосий мақсадларидан бири этиб белгилаган. Бу халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг - Ватанимиз тарихини янада пухта ўрганиши, миллий ўзликни англаш жараёнини тезлаштиришда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, тарихий адолат нуқтаи назаридан ҳам ғоят ўринлидир. Зеро, музейга келган, қалбига қулоқ солган ҳар бир инсон ўз умрини ана шу табаррук зотлар кечирган ибратли ҳаёт билан таққослар экан, кўнглидан “мен бу дунёда нима иш қилдим, ана шу улуғ аждодларга муносиб ворисманми, бобокалонларимиз шу қадар буюк мерос қолдирибди, мендан нима қолади?” деган саволлар ўтиши табиий. Ана шу саволлар инсон қалбини поклайди, уни янги, улуғ мақсадлар сари руҳлантиради.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов яна бир кечиктириб бўлмайдиган вазифа — хорижий мамлакатларда яшаб ижод этган ёки юртимизда таваллуд топган бўлса-да, тақдир тақозоси билан чет элларда вафот этган буюк аллома ва мутафаккирларнинг қабрларини аниқлаш, уларнинг мангу қўним топган масканларини ободонлаштириш ишларини давлат миқёсида амалга ошириш масаласини кун тартибига қўйган. Тўғри, бу борада кейинги вақтда, айниқса, “Бобур” халқаро жамоат фонди амалга оширган ишлар эътирофга молик. Бироқ ҳали бундай юксак эътибор ва эъзозга лойиқ улуғларимизнинг мангу қўним топган жойлари кўп. Қолаверса, халқимиз ҳамиша аждодлари қабрларини, қаерда бўлмасин, обод этиб, улар руҳини шод қилишни ўзининг фарзандлик бурчи, муқаддас вазифаси, ҳаёт мазмуни санаб келади.
Бундан бир неча минг йиллар муқаддам барпо этилган қадимий обидаларнинг биридан “Ёшлар қалбини асранг” деган битик топилган. Ўйлаймизки, бу даъват бугун ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотмаган. Айниқса, бугун дунёда глобаллашув жараёни давом этиб, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кенгайиб бораётган, эзгу ва ёвуз ғояларнинг инсон қалби учун кураши интернет оламига, маданиятлар, қадриятлар ва қарашлар замирига кўчган бир пайтда номзод белгилаган мазкур вазифа ниҳоятда катта аҳамиятга эга.
Зеро, маълумотларга кўра, бугун мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар 13 миллиондан ортиқни ташкил этади. Уларнинг орасида мунтазам мурожаат қиладиган интернет ресурс, бу — ижтимоий тармоқлардир. Энг кўп фойдаланувчига эга бўлган халқаро ижтимоий тармоқлар “Facebook”, “Twitter”, “Odnoklassniki”, “Vkontakte”, “Moy mir” ва “YouTubе” тармоқлари саналади. Мазкур ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтган ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг сони 500 мингдан 10 млн.гачани ташкил этади.
Мана шундай чексиз ахборот алмашинуви жадаллашган, кенг қулоч ёйган бир пайтда мамлакатимизда ёшлар онгу қалбини турли зарарли ғоялар таъсиридан асраш, хусусан “оммавий маданият”га қарши курашиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, тан олишимиз керакки, бу борадаги ишлар баъзан шунчаки маърузабозлик билан чекланиб қолмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшлар қалбига йўл топиш, маърифий тадбирларни жонли мулоқотларга, фикрлашувларга айлантириш бугун долзарб вазифадир.
Бир қараганда, омма тан олган маданиятнинг зарари йўқдек туюлади. Аммо бу тушунчани ҳар бир миллат ўз менталитетидан келиб чиқиб, қўштирноққа олади. Биз ҳам бу чегарани ўз ҳаёт ва тафаккур тарзимиздан, миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб белгилаймиз.
Дарҳақиқат, “оммавий маданият” онгимизга “одатий ҳол” бўлиб кўринган нарсалар — “пирсинг”, “татуировка” ва “боди-арт”нинг бошқа турларига берилиш орқали кириб келиб ўрнашади ва оқибатда ўзликнинг йўқолишига олиб келади. ўарб маданиятининг ажралмас қисми, дея таърифланаётган “пирсинг” ва “татуировка” миллий маънавиятимиз ва қадриятларимизга мутлақо зид. “Оммавий маданият” намунаси бўлган “пирсинг” ва “татуировка”ни бизга дахли йўқ, бу бизга ёт муаммо, деб хотиржамликка берилиш ярамайди. Сабаби, бугун глобаллашган, интеграциялашган интернет асрида яшаяпмиз. Интернет ахборот хуружининг “ўчоғи”га айланган.
Унда, айниқса, “пирсинг” ва “татуировка” каталогларининг рекламаси, косметологларнинг бу борадаги “изланишлари” тинимсиз тарғиб этилмоқдаки, айрим ёшлар бу “ҳунар”га маҳлиё бўлмоқда. Ҳеч қандай маъно, мазмун акс этмаган, фақат беҳаёлик, ваҳшийликни тарғиб қилувчи бундай суратлардаги “мода” ортига яширинган “оммавий маданият” хуружлари шарқона одоб-ахлоқ, фаҳм-фаросат, шарм-ҳаё, азалий қадриятларимизни ёшлар онгидан сиқиб чиқаришга қаратилгани билан хавфлидир. Бундай зарарли одатларни замонавий тиббиёт ҳам қаттиқ қоралайди.
Бугун ана шундай иллатлар турли хориж фильмлари, клиплар воситасида ҳам кенг тарғиб қилинмоқда. Афсуски, ўз мустақил фикрига эга бўлмаган, ғўр, онги ва маънавияти заиф, модага ўч айрим қизиққон ёшлар бундай одатлар таъсирига тез тушиб қолмоқда. -Қолаверса, айрим йигитларимиз қулоғига худди қизлардек зирак тақаётганини қандай изоҳлаш мумкин?!
Хулоса ўрнида айтганда, ёшларимизни уларнинг онгу тафаккурига, қалбига рахна солаётган бундай таҳдидлардан асраш зарур. Баданга турли тақинчоқ тақиш нафақат саломатликка, балки одоб-ахлоқ меъёрларига ҳам путур етказишини унутмасак бўлгани.
Юқумли касаллик, вирус чегара билмаганидек, “оммавий маданият” — “оломон маданияти” ҳам миллат ё давлат ёки ёш танламайди. Шундай экан, эртанги кунимиз қандай бўлиши, фарзандларимиз эртага қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб бориши бу борадаги умуммиллий саъй-ҳаракатлар билан чамбарчас боғлиқдир.
Эътиборлиси, номзоднинг Сайловолди дастурида “оммавий маданият”га қарши курашиш шунчаки мақсад сифатида таъкидлаб кетилмаган, балки бу эзгу мақсаднинг йўллари, аниқ механизми ҳам кўрсатиб берилган.
Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Президентликка номзод ёшлар онгини халқимизга ёт “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг қалби ва онгига “Баркамол авлод — миллат таянчи” тамойили остида миллий тикланиш ғоясини сингдириш, миллий маънавият ва қадриятлар руҳида тарбиялашни янада кучайтиришни муҳим, деб билади.
Бунда кино, театр ва эстрада санъатида халқимизнинг бой ва бетакрор тарихи, маданияти, анъаналари ҳамда илғор урф-одатларини таъсирчан бадиий образлар орқали ифода этадиган асарларнинг дунёга келишига кўмаклашиш, уларни тарғиб қилиш асосий вазифадир.
Сарвар Отамуратов маънавий ҳаётимиздаги яна бир муаммо ечими — Ўзбекистон заминида яшаб ижод этган ва жаҳон тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган миллий кино -асарлари яратиш борасидаги ишларни янги, замонавий босқичга кўтариш ташаббусини илгари сурмоқда.
Чунки халқимиз таъсирчан бадиий образлар орқали ифода этилган ва ўзбек халқининг ҳаққоний тарихи акс этган кино асарларини интиқлик билан кутмоқда.
Номзод бу борада миллий тарихий киноасарларни хорижий киностудиялар билан ҳамкорликда, таниқли режиссёр ва актёрлар иштирокида тайёрлаш, уни бутун дунё жамоатчилигига етказишни муҳим вазифа, деб ҳисоблайди. Қолаверса, бугун Ўзбекистон телевидениесида намойиш этилаётган бадиий ва видеофильмларнинг аксарияти хорижий давлатлар тарихи, ҳарбий ва сиёсий арбоблари ҳамда олимлари ҳақида. Ҳатто бугун қатор хорижий давлатлар ўзларининг миллий қаҳрамонлари тўғрисида, уларнинг, гарчи, замонавий цивилизация тарихида тутган ўрни ва роли буюк бўлмаса-да, чет эл киностудиялари билан ҳамкорликда киноасарлар тайёрлаб, уларни дунё оммасига таништирмоқдалар. Бундай тажриба миллий ғурур ва ифтихорни ошириб, миллатни бирлаштирадиган кучли тарғибот усули ҳисобланади. Сарвар -Отамуратов дастурида белгиланган ушбу вазифалар нафақат мафкуравий ишлар самарадорлигини оширади, балки миллий кино ишлаб чиқарувчи студия ва ташкилотларнинг даромадлари ортишига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Номзод бугунги глобаллашув шароитида халқнинг ўзига хос қиёфаси, миллий қадрият ва анъаналарини асраб қолиш, одамларда юксак маънавий онг ва дидни тарбиялашда театр санъатига қизиқиш ҳавас қиларли даражада эмаслигига ҳам аҳамият қаратгани эътиборлидир. Чунки театрларимиз заллари кўпинча томошабинлар билан тўлиб-тўлмаган аҳволда ёки давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимларининг ташрифлари эвазига тўлдирилиши ҳам кўпчиликка аён ҳақиқат. Ваҳолонки, театрга одамларни қайтариш учун, энг аввало, замондошларимизни ўйлантираётган ва тўлқинлантираётган мавзуларда бадиий жиҳатдан юксак, маҳорат билан саҳналаштирилган спектаклларни кўпайтириш, одамларда, айниқса, ёшларда театр томошаси маданиятини ўстириш муҳим масала. Бунда Сарвар Отамуратов мамлакатимиз театрларида “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этиш ва шу орқали халқимиз ва айниқса, ёшларни ибратхонанинг маънавий озуқасидан баҳраманд этишни таклиф қилмоқда.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамиша ўз фаолиятида она тилимиз ривожини янги босқичга кўтариш учун унинг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлашни доимий вазифаси, деб ҳисоблайди.
Ҳаммамизга одат: ҳар йили 21 октябрь яқинлашган сари она тилимиз қайғуси билан яшаб қоламиз. Бошқа вақтда жамоатчилик ҳам, матбуот ҳам бу масалага негадир унча катта эътибор қаратмайди. Ҳолбуки, ижтимоий ҳаётимизнинг кўпгина соҳаларида давлат тилининг қўлланилиши ва унинг қоидаларига риоя этилишида ҳали-ҳамон камчиликлар, ўз ечимини кутаётган масалалар учраб турибди. Жумладан, оммавий муомалада, кўчаларда жойлаштирилган ташқи ёзувларда, реклама ва эълонларда, оммавий ахборот воситаларида ҳали-ҳамон ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари қўпол бузилмоқда.
Ушбу муаммо Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари томонидан газета ва журналларда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан сессияларда муҳокама қилинди. Хусусан, халқ депутатлари Жиззах, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларига “Оммавий жамоат жойларида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилиниш ҳолати тўғрисида”, “Давлат тили ҳақида” ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларнинг ҳудуддаги ижросини таъминлаш тўғрисида 30 дан ортиқ ташаббус--масалалар олиб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳлари томонидан мазкур масала юзасидан мутасадди ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилди. Лекин бу борада сезиларли ўзгаришлар бўлмаганлиги ҳам бор гап.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Президентликка номзод Сарвар Отамуратов сайловолди Дастурида оммавий муомалада, кўчаларда жойлаштирилган ташқи ёзувларда, реклама ва эълонларда, оммавий ахборот воситаларида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Қолаверса, фундаментал фанлар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ҳамда категорияларни ишлаб чиқиш долзарб вазифадир.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратов бу эзгу ишларда жамият, оила ва таълим тизимида ёш авлодни китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий -меросига доир адабиётларни нашр этиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, уларга солиқ ва бошқа тўловлар бўйича янада кенг имтиёзлар беришни ўз Сайловолди дастурида акс эттирган.
Қисқача айтганда, 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодининг миллий-маънавий юксалиш, барча соҳада миллий манфаатлар устуворлигини таъминлашга йўналтирилган қатор ҳаётий ва долзарб дастур-ғоялари мамлакатимиз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, халқимиз фаровонлигини ошириш, юртимиздаги тинчлик, осойишталикни мустаҳкамлаш, бетакрор ва улуғвор тарихий, маданий ва интеллектуал меросимиз, маданиятимиз ва анъаналаримизни асраб-авайлаш ҳамда бойитишга, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратовга овоз беришга чақиради!