Семинарда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчи ва талабалари, ҳуқуқшунос олимлар, ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини кафолатлайдиган миллий сайлов тизими яратилди. Ўтган даврда эркин ва адолатли сайловларнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ва янада ривожлантириш борасида катта амалий тажриба тўпланди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ўнга яқин қонунлар сайлов жараёнинининг ҳуқуқий асосини ташкил этади.
Семинарда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ўтказилган сайловларда тўпланган бой амалий тажриба, халқаро сайлов стандартлари, миллий сайлов қонунчилигини демократик ислоҳотларга мос тарзда, тадрижий ривожланиб, такомилга етиб боришида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Бу борада 2015-йил 29-декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар миллий сайлов қонунчилигини демократик тамойиллар асосида янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Тадбирда жорий йил 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилаётган ишлар, сайловларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти, унда ҳар бир фуқаро учун кенг имкониятилар яратилганлиги ҳақида ҳам фикр юритилди.
Семинар ўзаро мулоқот ва фикр алмашиш шаклида ўтказилди, иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази