Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 21/12/2021 Миллий марказда Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари билан учрашув бўлди
Миллий марказда Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари билан учрашув бўлди

2021 йил 21 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарход Арзиев сўзга чиқди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги доирасида жорий йилда амалга оширилган ишлар, мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси муҳокама қилинди. Шунингдек, кириб келаётган 2022 йилда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган халқаро аҳамиятга молик тадбирлар ҳақида сўз юритилди. 

Янги Ўзбекистон халқаро ташкилотларнинг олий даражадаги минбарларидан демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасида қатор таклиф ва ташаббуслар билан майдонга чиқмоқда. Хусусан:

- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш;

- Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш; 

- Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш;

- ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш;

- Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш;

- Имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш;

- БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси институтини таъсис этиш;

- Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш;

- Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини яратиш каби долзарб масалалар доирасида изчил иш олиб борилмоқда. 

Муҳокамалар давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳамда бу борадаги салмоқли ютуқлар билан хорижий мамлакатлар жамоатчилигини мунтазам таништириб бориш мавзусига эътибор қаратилди. Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсатини ўзига хос минтақавий ва халқаро модел сифатида талқин ҳамда тарғиб этишда мамлакатимиз элчихоналарининг ўрни муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида мамлакатимиз элчиларининг Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ташаббусларини амалга ошириш, чет элдаги ватандошларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги алоқаларини ривожлантириш йўлидаги самарали ва фаол ҳамкорлиги эътироф этилди. 

Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мамлакатимизнинг АҚШ, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Малайзия, Польша, Россия давлатларидаги ҳамда БМТнинг Женева шаҳридаги ва ЮНЕСКО ҳузуридаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига ташаккурномалар тақдим этилди

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг