6 январь куни Покистон пойтахти – Исломобод шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 7-халқаро семинари бошланди. Анжуман “Коррупцияга қарши курашиш – инсоннинг барча ҳуқуқлари ва барқарор тараққиётни тўлиқ амалга оширишнинг дастлабки шарти” мавзусига бағишланган.
Халқаро тадбирни ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Ҳожи Али Ачикгул кириш сўзи билан очди. ИҲТ Бош котиби ўринбосари Асқар Мусинов, Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Курайший анжуман қатнашчиларини қутлади. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетнинг видеомурожаати намойиш қилинди.
Анъанавий йиллик семинар Покистон Ислом Республикаси ҳукумати ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирда ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, шунингдек, турли халқаро ташкилотлар экспертлари, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги мамлакатлар ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар вакиллари қатнашмоқда.
Халқаро анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев иштирок этмоқда.
Коррупция – кенг чангал ёзган глобал муаммо бўлиб, инсон ҳаётининг барча соҳаларига дахл қилиши ҳамда жамият ва давлатнинг барча даражалардаги фаолиятига сурункали салбий таъсир кўрсатиши билан ниҳоятда хатарлидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги маълумотларига қараганда, коррупция, яъни пора ва ўмарилган маблағлар оқибатида юзага келаётган глобал йўқотишлар ҳар йили 3,6 триллион доллар ҳажмидаги улкан миқдорни ташкил этмоқда. Бу, ўз навбатида, дунёдаги барқарор тараққиёт, айниқса, ривожланаётган мамлакатларнинг ўсиши йўлида жиддий тўсиқ бўлмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг эътироф этишича, халқаро ҳамжамият кенг кўламдаги коррупция инсон ҳуқуқларига ҳалокатли таъсир кўрсатишини тобора чуқур англаб етмоқда. Бу омил, айниқса, коррупция таъсирида ҳукуматларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мажбуриятларини бажариш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини тўлиқ амалга ошириш борасидаги лаёқатини сусайтириши, оқибатда эса жамоатчиликнинг ўз мамлакатлари ҳукуматларига ишончсизлиги ортиши мисолида яққол кўринади.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг фаолият кўлами соҳаларига инсоннинг барча ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, жумладан, ИҲТга аъзо давлатларнинг тараққиёт ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш ҳам киради. Шу маънода, халқаро семинарда коррупцияга қарши курашнинг энг мақбул моделини айнан инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб шакллантириш истиқболлари муҳокама қилинмоқда.
Семинар 7 январь куни ўз ишини якунлайди. Халқаро анжуман ниҳоясида якуний ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия – ИҲТнинг мунтазамлик асосида фаолият олиб борадиган мустақил тузилмасидир. У ИҲТга аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 2011 йил 28-30 июнь кунлари Астанада бўлиб ўтган 38-сессиясида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ тузилган.
Комиссия ИҲТнинг низом ва декларацияларида, шунингдек, инсон ҳуқуқлари борасида умум эътироф этилган ҳужжатларда қайд этилган фуқаролик, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларни ислом қадриятлари билан мувофиқ ҳолда мустаҳкамлаб бориш билан шуғулланади. У, шунингдек, давлатлараро мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади.
ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2017 йил 10-11 июль кунлари Кот д’Ивуарда бўлиб ўтган 44-сессияси доирасидаги сайловда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига Осиё қитъасидан Ўзбекистон вакили – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов аъзо бўлган. Сўнг 2018-2020 йилларда А.Саидов Комиссия раиси сифатида фаолият олиб борди.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 6-семинари 2019 йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган. Ўшанда йиллик семинар “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусида ташкил этилганди.