Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Технологиялар 01/05/2017 “Microsoft” Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўқув синфини очди
“Microsoft” Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўқув синфини очди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Дастурий таъминот ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири «Microsoft» корпорацияси 2017 йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT)да ўқув синфини очди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ректори Сарвар Бабаходжаев ҳамда МДҲ Microsoft таълим тармоғи билан ишлаш раҳбари Нурлан Жонибеклар Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари вакиллари, «Microsoft» корпорацияси, талабалар ва IUT ходимлари иштирокида янги таълим синфини очиб бердилар.

IT-синфи замонавий моноблок компьютерлари билан жиҳозланган. Уларнинг барчаси «Microsoft» корпорацияси томонидан беғараз тақдим этилган лицензион дастурий таъминотлар ва ечимлар, шунингдек, машғулотлар ўтказиш учун ўрнатилган қўшимча ускуналар билан таъминланган.

Мазкур синфнинг очилиши билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари «Microsoft»нинг дастурий маҳсулотлари тўғрисидаги ўз билимларини мустаҳкамлашади. Бунда IT-синфдан давлат органлари, хусусий компаниялар, кенг аҳоли вакиллари иштирокида турли хилдаги маҳорат мактабларини, тренингларни ва семинарларни ўтказишда фойдаланилади.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари вакилларининг иштирокида «Microsoft Education Day» семинари ҳам бўлиб ўтди. Семинар давомида «Microsoft» корпорацияси вакиллари қатнашчиларга таълим муассасалари учун «Microsoft»нинг замонавий ечимлари тўғрисида маълумот бердилар.

Жумладан, “Microsoft”да махсус “Инновацион педагоглар” ҳамжамияти мавжуд бўлиб, у бутун дунёдан минглаб ўқитувчиларни бирлаштиради. Ҳар йили мазкур ўқитувчилар орасидан ўқувчилар учун ўқув жараёнида технологиялардан қизиқарли ва самарали фойдалана оладиганлари “E2 Educators Exchange” конференциясида тўлиқ компания ҳисобидан иштирок этиш имкониятини қўлга киритадилар.

Семинар давомида қайд этилганидек, компания ўзининг “Microsoft Imagine Academy” таълим ресурсини ривожлантирмоқда, унинг ёрдамида иштирокчилар замонавий технологиялар ва дастурлаш тўғрисида билим олишлари мумкин бўлади. Қайд этилдики, сўнгги уч йил давомида “Microsoft” корпорацияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларига мазкур дастурнинг устунликларидан фойдаланиш имкониятини бермоқда.

Тадбирда, шунингдек, “Microsoft Digital Literacy” (Компьютер саводхонлиги) курси бўйича сертификация ҳамда бепул онлайн-таълим тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди, бундан кўзланган асосий мақсад компьютер билан ишлашнинг асосий тушунчалари ҳамда кўникмалари тўғрисида дастлабки маълумотларни беришдир.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ректори Сарвар Бабаходжаев қайд этди: «Тошкент шаҳридаги Инҳа университети маъмурияти номидан мен «Microsoft корпорацияси»га миннатдорлик билдираман. Университетнинг дастлабки кунларидан бошлаб «Microsoft корпорацияси» бизнинг университетни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Корпорация экспертлари маҳорат мактабларида ва маърузаларда иштирок этишмоқда. Корпорация авваллари бизнинг илм даргоҳимизда «Microsoft Tech Meetups» ва «Microsoft Developer Day» каби тадбирларни ўтказарди».

«Ишончимиз комилки, мазкур лойиҳа Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва «Microsoft» корпорацияси ўртасидаги ҳамкорликни янги поғонага кўтарди. «Microsoft»нинг янги синфи бизга IT-бозори учун глобал етакчиларни тайёрлашга ёрдам беради», - дея қўшимча қилди у.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг