Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2023-йилнинг 9 ойи (январь-сентябрь) давомида саноат ишлаб чиқаришида эришилган асосий ўсиш омилларини таҳлил қилди.
Январь-сентябрь ойларида саноат ишлаб чиқариши ҳажми 5,7 фоизга ошди. Таҳлил қилинаётган давр бошида саноат фаолиятининг деярли барча асосий соҳалари пасайишни енгиб, ижобий ўсиш суръатларига эришди.
Саноат ишлаб чиқариши ҳажмининг қисқа вақт ичида тикланиши замирида корхоналарнинг ўз вақтида турли хил имтиёзлар ва инвестициялар ҳисобига қўллаб-қувватланиши каби омиллар ётади.
Саноатни ривожлантириш учун йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми 113,2 триллион сўмгача ошди. Бу эса иқтисодиётга киритилаётган жами инвестицияларнинг салкам ярми (49,9 фоиз) демакдир. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6,2 фоиз пунктига юқори.
Шу жумладан, тоғ-кон секторига киритилган инвестициялар улуши 9,9 фоизга (+3,9 ф.п.), ишлаб чиқариш саноатига киритилган инвестициялар улуши 28,9 фоизга (+0,5 ф.п.), энергия таъминоти соҳасига киритилган инвестициялар улуши 7,9 фоизга (+ 1,1 ф.п.) ошган.
Тармоқларни тартибга солиш ва манзилли қўллаб-қувватлашнинг бевосита ва билвосита дастакларидан фойдаланиш қуйидаги натижаларга эришиш имконини берди:
тоғ- кон саноатида ишлаб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш (100,4 фоиз).
энергия таъминотида ўсиш суръатини сақлаб қолиш (108,9 фоиз);
қайта ишлаш саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш суръатини ошириш (106,4 фоиз);
Даромад олишда ўсиш суръатини таъминлаган тармоқлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда ўтказилган рейтинг баҳолаш натижалари саноат фаолиятидаги энг сердаромад 5 та соҳани аниқлаш имконини берди. Солиқлар тўланишидан олдинги Республика даромадлари таркибида ушбу тармоқлар улуши ошгани кузатилди:
автотранспорт воситалари, трейлерлар ва ярим тиркамаларни ишлаб чиқариш (+2,13 ф.п);
ичимликларни ишлаб чиқариш (+2,1 ф.п);
металл рудасини қазиб олиш (+1,5 ф.п);
қурилиш материалларини ишлаб чиқариш (+0,7 ф.п);
кийим-кечак ишлаб чиқариш (+0,3 ф.п).
Саноатда олиб борилаётган сиёсат ўсишни таъминлаш ва барқарор ривожланишга ўтишда бундан кейин ҳам захираларни жалб қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган. Жорий даврнинг устувор вазифалари:
1. Бундан кейин ҳам даромадларни ошириш ва харажатларни камайтириш учун шарт-шароитларни такомиллаштириш ҳисобига саноат корхоналарининг молиявий барқарорлигини ошириш;
2. Саноатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан лойиҳаларни инвестициялашни фаоллаштиришдан кўзда тутилган мақсад рақобатбардошликни ошириш, юқори технологияли тармоқларни ривожлантириш, ҳудудларда саноат салоҳиятини оширишдир.