Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши билан технологик, иқтисодий ва операцион жиҳатдан онлайн таълимни йўлга қўйиш имкониятлари янада ортди. COVID-19 пандемияси туфайли масофавий таълимга тез ўтиш онлайн таълим хизматларига талабнинг ошишига олиб келди.
АҚШда магистратура босқичидаги талабаларнинг 22 фоизга яқини, бакалавриат босқичидаги талабаларнинг 11 фоизи онлайн тартибда таълим олади. 2023-йилда онлайн таълимдан тушадиган даромад 74,80 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Академик менежерларнинг аксарияти (75 фоиз) онлайн курслардаги таълим натижаси синфдаги курслар натижаси билан бир хил ёки яхшироқ эканлигини эътироф этмоқда.
2021-2026 йиллар оралиғида Буюк Британияда электрон таълим бозорининг улуши 11,57 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Барча курс мавзулари видео, аудио, матн ёки инфографикадан иборат кичикроқ қисмларга бўлинган микротаълимнинг тарқалиши Буюк Британиядаги электрон таълим бозорининг асосий тенденцияларидан бири бўлиб, бозорнинг ўсишига туртки бўлмоқда.
Бугунги кунда Coursera va edX каби маълум бир онлайн платформалар мавжуд бўлиб, улар дунёнинг 200 дан ортиқ етакчи университетлари ва компаниялари билан ҳамкорликда онлайн курсларни тақдим этади. Ушбу онлайн платформалар яшаётган шаҳридан туриб магистр ва бакалавр даражасини олиш имконини беради. Шунингдек, ушбу платформалар орқали таҳсил олаётганлар кампусдаги талабалар билан бир хил ўқув дастуридан фойдаланиш имкониятига эга.
Карантин чораларидан сўнг Ўзбекистонда онлайн таълим тез суръатларда такомиллаша бошлади. Ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Олий ўқув юртларида масофавий таълимни жорий этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаган эди. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат ва хусусий олий таълим муассасаларига масофавий таълим йўналишида кадрлар тайёрлашга рухсат берилди. Эслатиб ўтамиз, 2022-йилнинг октябрь ойида Coursera ва Ўзбекистон ўртасида IT-таълим соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Платформа 2023-йилдан бошлаб мавжуд бўлган кодлаш бўйича 1,2 миллионга яқин бепул курсларини ажратади.
Электрон таълим қуйидаги сабаблар туфайли самарали ҳисобланади:
- аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини оширади (меҳнат бозорида эркакларнинг 73,1 фоизи иштирок этади, бу кўрсаткич аёлларда 39,9 фоизни ташкил этади). Шунингдек, оилалар қизларнинг таълим олишига ўғил болаларга қараганда камроқ маблағ ажратади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 25 ёшдан ошган аҳоли орасида бакалавр даражасига эга эркаклар улуши 20,8 фоизни, аёллар улуши эса 13,3 фоизни ташкил этади;
- ногиронлиги бўлган шахсларга олий таълим олиш учун кенг имкониятларни тақдим этади;
- мамлакатда олий таълим билан қамраб олиш даражасини оширади;
Тавсиялар:
- самарали ва яхши таъминланган кампус тармоғини ташкил этиш, серверларни самарали қўллаб-қувватлаш, талабаларни онлайн рўйхатга олиш, биллинг ва тўлов тизими, онлайн китоб дўкони ва онлайн кутубхона хизматларини йўлга қўйиш;
- анъанавий ва масофавий таълим аралашмаси бўлган гибрид таълим шаклини жорий этиш, маърузаларни онлайн тарзда ўтказиш (чунки улар талабаларнинг ўзаро таъсири ва фаол иштирокини талаб қилмайди, семинарлар эса анъанавий ўқитиш шаклида ўтказилиши мумкин);
- масофавий таълимга киришда аёлларга имтиёзлар бериш;
- ўрта ёки қўшимча фанларни онлайн, асосийларини эса анъанавий таълим шаклида ўтказиш мақсадга мувофиқ.