Аҳоли турар жойларини оптимал ташкил этиш шаҳарда яшаш қулайлигини таъминлашнинг муҳим омили саналади. Фуқароларнинг иш жойига етиб олиши ва уйга қайтиши учун қулайликлар, бўш вақтларида дам олиш ва ҳордиқ чиқариш имкониятлари шаҳарларнинг жозибадорлигини оширади.
20-асрнинг ўрталаридан собиқ Иттифоқ шаҳарларида йирик корхоналар ва саноат инфратузилмалари марказга яқинроқ, турар-жойлар эса чекка ҳудудларга жойлаштирила бошланди. Бу тадбир орқали барча ишчиларга дам олиш ва шахсий ривожланиш учун тенг шароитлар яратиш мақсад қилинган бўлса-да, вақт ўтиши билан юзага келган вазият ўйланганидек бўлиб чиқмади. Одамлар фақат ухлаш учун борадиган турар-жойлар “ётоқ туманлар” деб атала бошлади.
Йил сайин шаҳарлар янада кенгайиб, аҳолининг шаҳар марказига боришдаги қийинчиликлари ортиб борди.
Тошкент шаҳри ҳудудларида ҳам “ётоқ туман” унсурлари сақланиб қолган. Буни шаҳарнинг Учтепа тумани мисолида кўриш мумкин.
Расмий статистикага кўра, Учтепа тумани шаҳар ҳудудлари орасида аҳоли сони бўйича 5-ўринда бўлса, аҳоли зичлиги бўйича 4-ўринда туради. Агар туманнинг йирик бозорларга яқинлиги ҳамда ижара нархларининг нисбатан арзонлиги сабабли мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан ишлаш мақсадида келиб яшовчи аҳолининг ушбу туманда истиқомат қилишга рағбати инобатга олинса, бу кўрсаткичлар янада юқорилаши мумкин.
Маълумот учун, 2022-йил бошида ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, аҳоли энг кўп ижарада турувчи хонадонлар Чилонзор (3133 та хонадон), Мирзо Улуғбек (2568 та) ва Учтепа (1894 та) туманларида жойлашган. Ижарага берилган хонадонлар туманда жойлашган хонадонларга нисбатан Чилонзорда 4,2%, Мирзо Улуғбекда 2,8% ва Учтепада 3,1% ни ташкил этади. Шаҳар бўйича ўртача кўрсаткич 2,1%.
Учтепа тумани давлат корхоналари сони (716 та) бўйича шаҳар туманлари орасида сўнгги ўринларда, нисбатан янги ташкил этилган Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидан олдинги ўриндан жой олади. Шунингдек туманда 8431 та масъулияти чекланган жамиятлар рўйхатдан ўтган бўлиб, бу кўрсаткич бўйича ҳам юқорида санаб ўтилган 3 та туман кўрсаткичларидан юқори ўринда холос. Айни ҳолатни оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар, нодавлат жамоат бирлашмалари мисолида ҳам кузатиш мумкин.
2018-2023 йиллардаги Тошкент шаҳри биноларининг ёши харитасига қаралса, “ётоқ туман”лар амалиёти қисман такрорланаётганини кўриш мумкин. Асосий уй-жойлар шаҳарни кенгайтириш ҳисобига Сергели ва Янгиҳаёт туманларида барпо этилган. Метрополитеннинг Чилонзор линиясининг узайтирилиши бу туманлар жозибадорлигини оширишга хизмат қилди. Бироқ бу ҳудудларда иш ўринларининг нисбатан камлиги аҳолининг марказга ҳаракатини кучайтиради.
Шаҳарларни режалаштиришда саёҳат тезлигига эмас, оммабопликка эътибор қаратиш аҳолининг барча эҳтиёжларини ўзлари яшайдиган ҳудудда қондиришини назарда тутади. Натижада қайсидир хизматдан фойдаланиш ёки ишлаш учун узоқроққа боришга тўғри келмайди ва вақт ўтиши билан транспорт соҳасига инвестицияларга талаб камайиб боради. Хизматларнинг яқин атрофда жойлашиши аҳолини пиёда ёки велосипедда ҳаракатланишга рағбатлантиради, пиёдалар ва велосипедчилар учун инфратузилмани таъминлаш эса анча арзонга тушади.
Шаҳарларда мавжуд муаммоларга комплекс ёндашиш, ислоҳотларни узоқ муддатни кўзлаб, режа асосида тизимли амалга ошириш келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳам олдини олади. Шундай экан, ҳудудларда аҳоли учун тенг имкониятлар яратиш, иш жойлари ва хизматларни аҳолига яқинлаштириш ҳозирда Тошкент шаҳрида кузатилаётган тирбандлик, экология каби қатор муаммоларга ечим бўлиши мумкин.