Валюта курслари 18/04/2025
$1 – 12964.43
UZS – -0.23%
€1 – 14744.45
UZS – -0.12%
₽1 – 158.28
UZS – 0.38%
Қидириш
Иқтисод 10/04/2025 Мева-сабзавот маҳсулотларини реализацияга чиқарадиган айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади

Мева-сабзавот маҳсулотларини реализацияга чиқарадиган айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025–2026 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш ҳамда қўшилган қиймат занжирини яратишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:

2025 йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини жами 3,5 миллиард АҚШ долларига етказиш;

2025 йил якунигача 8 та давлатга янги 30 турдаги маҳсулотлар экспорти учун фитосанитария рухсатномаларини олиш;

истиқболли бозорларга 2025 йилда 442 миллион АҚШ доллари, 2026 йилда 575 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таъминлаш;

2025 йилда ҳудудларда жами 2,1 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари учун қадоқлар ишлаб чиқариш бўйича 40,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш.

2028 йил 1 январгача мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий қадоқларда реализацияга чиқарадиган ҳамда қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлар учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади:

ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;

замонавий қадоқланган мева-сабзавот маҳсулотларини солиқ даврида реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 50 фоизини ташкил этганда;

2027 йил 1 апрелгача дуккакли маҳсулотларни экиш, йиғиб олиш ва саралаш ускуналари импорти учун божхона божининг 1 фоизлик ставкаси қўлланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг