Валюта курслари 20/03/2025
$1 – 12926.51
UZS – -0.07%
€1 – 14092.48
UZS – -0.51%
₽1 – 156.00
UZS – -1.76%
Қидириш
Иқтисод 22/03/2025 Metito Utilities Ўзбекистонда сув ресурслари соҳасидаги лойиҳаларни кенгайтиради

Metito Utilities Ўзбекистонда сув ресурслари соҳасидаги лойиҳаларни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БААнинг Metito Utilities компанияси Ўзбекистонда барқарор сув ресурсларини бошқариш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда компаниянинг бош директори Рами Гандур «Trend» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

СНГ ҳудудида сув соҳасидаги биринчи давлат-хусусий шериклик лойиҳаси — Намангандаги тозалаш иншоотлари қурилиши ушбу ташаббуслар учун асос бўлди. Metito бу тендерни 2021 йилда ютиб олган.

Лойиҳа доирасида кунига 100 минг куб метр чиқинди сувларни тозалаш қувватига эга иншоотнинг лойиҳалаштирилиши, молиялаштирилиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши ва хизмат кўрсатилиши, шунингдек, 7,5 км канализация тармоқларини ётқизиш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 90 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда, амалга ошириш муддати 25 йилни ташкил этади, шундан дастлабки икки йили (2021 йил маълумотларига кўра) қурилиш учун ажратилган.

«Бу стратегик аҳамиятга эга лойиҳа МДХда сув тозалаш сектори учун намуна бўлиб, сув ресурсларини барқарор бошқаришнинг энг яхши тажрибалари ва тамойилларини шакллантирмоқда. Биз уни минтақадаги инновациялар ва барқарор ўсишни рағбатлантирувчи катализатор сифатида кўрамиз», — деди Гандур.

Унинг сўзларига кўра, компания ҳозирда молиявий битимни якунлаш устида ҳамкорлари билан иш олиб бормоқда, шундан сўнг қурилиш ишлари бошланади.

Бундан ташқари, Metito Наманган вилоятида насос станцияларини модернизация қилиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Унинг кўлами 2025 йил 13 январда Абу-Дабида, президент Шавкат Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифи давомида имзоланган ўзгартиш киритиш шартномасидан сўнг кенгайтирилди.

Компания ўзини барқарор ривожланиш тамойилларига содиқ деб билади ва Ўзбекистонни сув инфратузилмаси соҳасида инновацион ечимларни жорий этиш учун муҳим йўналиш сифатида кўриб чиқмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг