Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 11/02/2016 Меҳнат муҳофазаси ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
Меҳнат муҳофазаси ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси барча сиёсий партиялар фракция­лари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан кўриб чиқилган ва концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланган, шу асосда Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган. Айни пайтда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш бўйича фракциялар томонидан таклифлар тайёрланмоқда.

8 февраль куни қонун лойиҳаси парламент Қонунчилик палатасидаги Демократик кучлар блоки йиғилишида муҳокама этилгач, (айрим масалаларда таклифлар берилган ҳолда) уни қўллаб-қувватлаш бўйича қарор қилинди. Бироқ Ўзбекистон ХДП фракцияси қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишида партия Сайловолди дастури ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасидаги айрим меъёрлар бўйича ўз позициясига эга эканини маълум қилди.

Демократик кучлар блоки амалдаги Қонуннинг 15-моддасидаги меҳнатни муҳофаза қилишни молиявий таъминлаш ҳақидаги нормага қўшимча киритиш таклифини илгари сурди. Уларнинг фикрича, Конституция талаблари ва Республикамиз қонунларига мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ жамғармаларни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш Касаба уюшмаларининг иштирокисиз амалга оширилиши керак. Бундай тартиб ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларига салбий таъсир қилмайди. Бундан ташқари, «Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунга кўра, ҳукуматнинг муҳим вазифаларидан бири аҳолининг иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

— Фракциямиз аъзолари мазкур норма амалдаги кўринишда сақлаб қолиниши тарафдори, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — Чунки Касаба уюшмалари ташкилотлари ишчи-ходимларнинг умумий манфаатлари ҳимоясини амалга ошириши, ўз аъзоларининг меҳнатини муҳофаза қилиши ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаши лозим. «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда бу ҳақда аниқ ҳуқуқий асослар кўзда тутилган. Шунга асосланиб, фракциямиз иш берувчи томонидан меҳнат муҳофазаси учун ажратилган маблағлар, шунинг­дек, бу борадаги жамғармаларни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши иштирокида белгиланиши зарур, деган таклифни илгари сурмоқда. Бу меъёр ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва манфаатларини ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, ЎзЛиДеП фракцияси ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши иш берувчи ҳисобидан амалга оширилиши керак эмас, деб ҳисобламоқда. Яъни, уларнинг фикрича, иш берувчи ходимнинг меҳнати учун ҳақ тўлайди, ходим ўз соғлиғи ҳақида ўзи қайғуриши керак.

– Бу масалада фракциямизнинг позицияси бошқача, – дейдиОлий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова. – Фикримизча, ишчиларнинг бепул тиббий кўрикдан ўтиши иш берувчи ҳисобидан амалга оширилиши керак. Бунинг учун қонун лойиҳасидаги шу ҳақдаги меъёр ўз ҳолича сақлаб қолиниши лозим. Чунки ходимнинг саломатлиги бевосита меҳнат фаолиятига таъсир кўрсатади. Ишчи-ходимнинг саломатлигидан, биринчи навбатда, иш берувчи манфаатдор бўлади. Бундан ташқари, ходим қаерда тиббий кўрикдан ўтиши катта аҳамият касб этмайди. Шунинг учун фракциямиз фикрича, ходимнинг ўзи яшаб турган ҳудуддаги даволаш профилактика муассасасида тиббий кўрикдан ўтиши мумкин эмас, деган норма қонун лойиҳасидан олиб ташланиши лозим.

Қонун лойиҳасидаги яна бир муҳим масала меҳнат муҳофазасига доир махсус органнинг ваколатлари билан боғлиқдир. Қонун лойиҳасига кўра, махсус ваколатли орган меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги мажбурий суғуртаси, шунингдек, ноқулай шароитда меҳнат қилаётган ходимларга имтиёз ва компенсациялар тўланиши устидан давлат назорати ҳамда мониторингини амалга ошириши кўзда тутилмоқда.

Демократик кучлар блокининг фикрича, бундай тартиб кичик бизнес субъектлари ривожига тўсиқ бўлиши мумкин. Шунинг учун махсус ваколатли орган назорат қилиш тизимидан кичик бизнес субъектлари чиқарилиши лозим.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ тартиб-қоидалар ишчи-ходим ҳаёти, соғлиғига зарар етказадиган даражада бузилган тақдирда, махсус ваколатли орган ташкилот фолиятини қонунга мувофиқ тарзда тўхтатиб туриши мумкинлиги тўғрисидаги меъёр ҳам мавжуд. Демократик кучлар блоки мазкур меъёрни қайта кўриб чиқиш, яъни, ташкилот фаолиятини тўхтатиб туриш фақат суд орқали амалга оширилишини назарда тутиш керак, деб ҳисобламоқда.

– Одамлар, ишчи-ходимларнинг ҳаёти ва саломатлиги тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий манфаатларидан устун, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Акмалжон Умаралиев. — Шу боис бу борада жавобгарлик масаласида барча тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари бирдек масъул бўлмоғи лозим. Ходимлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича иш берувчининг масъулияти ва давлат назоратини янада кучайтириш халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқдир.

Қонун лойиҳасида иш берувчи ва ходим ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низолар ҳақида ҳам баён этилган. Унга кўра, махсус ваколатли орган касб билан боғлиқ касалликлар юзага келганда, ташкилот фаолияти тўхтатилганда ёки таркибий бўлинганда ёхуд бош­қа сабабларга асосан меҳнат муҳофазасини таъминлаш мақсадида судга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Демократик кучлар блоки фикрича, бу масалалар бўйича Касаба уюшмаси қўмитаси судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шу боис махсус ваколатли давлат органи бу муносабатларга аралашиши шарт эмас.

ЎзХДП фракцияси эса, аксинча, инсон хавфсизлигига дахл қилувчи ҳар бир ҳолат юзасидан ходимнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланиши ва давлат органларининг бу борада назорати ҳамда масъулияти ошиши лозим, деб ҳисоблайди.

Қонун лойиҳасидан ўрин олган яна бир модда меҳнат шароити бўйича давлат экспертизаси билан боғлиқдир. Унга кўра, меҳнат шароити бўйича давлат экспертиза хулосаси судда ташкилот тугатилиши ҳақидаги иш кўриб чиқилиши учун асос бўла олади. Демократик кучлар блоки бу меъёр ҳам тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолиятига тўсиқ бўлишини таъкидламоқда.

ЎзХДП фракцияси меҳнат шароити бўйича давлат экспертиза хулосаси суд учун олдиндан уюштирилиши мумкин эмас, деган фикрни илгари суряпти. Шунга асосан қонун лойиҳасидаги меъёрни сақлаб қолиш зарур, деб ҳисобламоқда.

Парламент қуйи палатасида «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси бўйича фракциялар таклифларини шакллантириш жараёни қизғин давом этмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг