Мамлакатимиз делегацияси “Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисида битим”нинг Қозоғистон ҳудудидаги ижросини ўрганиш мақсадида 2022 йил 30 октябрь – 4 ноябрь кунлари Остона ва Олмаота шаҳарларида бўлиб турибди.
Делегация таркиби Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассисларидан иборат. Мониторингда Халқаро миграция ташкилоти вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Ташрифнинг асосий мақсади – икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорликка оид битимнинг Қозоғистон ҳудудидаги ижросини ўрганишдир. Бу борадаги ўрганиш натижалари негизида давлатларимизнинг тегишли идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади.
30 октябрь куни бўлиб ўтган дастлабки учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раҳбарияти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими Ўткирбек Очилов инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашди.
31 октябрда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув давомида икки томонлама тенг ҳуқуқли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, салоҳиятли иш берувчилар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, ишчиларни маълум бир йўналишда касбий тайёрлаш ва ишга қабул қилиш жараёнларини ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Мигрантлар ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳолатларининг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Мигрантларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини ҳар томонлама таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувлар якунида ушбу ташриф битимни амалга оширишга масъул бўлган икки давлат тегишли ташкилотлари учун ҳам самарали бўлгани таъкидланди. Бу борадаги ташкилий жараёнларда ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар юзасидан ўзаро келишиб олинди.