Тошкентда МДҲ мамлакатлари Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 апрель куни Тошкент шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар ҳудудларининг биринчи форуми доирасида МДҲ мамлакатлари Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгашининг “МДҲнинг ягона иқтисодий маконини шакллантиришда минтақавий ҳамкорликнинг роли“ мавзусидаги навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 23,1 миллиард АҚШ долларига етди. Шундан экспорт ҳажми 9 миллиард долларни, импорт ҳажми эса 14 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистон ҳудудларида Ҳамдўстлик давлатлари капитали иштирокида 5,5 минг компания самарали фаолият юритмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарлари Дилшод Расулов ва Нодира Шотурсунова, МДҲ Бош котибининг ўринбосари Илҳом Нематов, Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг Ўзбекистондаги вакили Илдус Халитов ҳамда МДҲ давлатлари Савдо-саноат палаталари раҳбарлари иштирок этдилар.
Музокаралар чоғида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва самарали кооперация механизмларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Савдо-саноат палаталари фаолиятини такомиллаштириш, МДҲ давлатлари ишбилармон доиралари ўртасида кооперацион ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қўшма ташаббуслар ва аниқ таклифлар илгари сурилди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Мордования Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон Савдо-саноат палаталари ўртасида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Йиғилиш сўнгида томонлар ушбу мулоқотни МДҲ доирасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ягона бозорни шакллантириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоладилар.