Ҳисоб палатаси томонидан Бюджет кодексининг 26-моддасига асосан маҳаллий бюджетларнинг 2022 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди. Бу хакда Ҳисоб палатасининг Матбуот хизмати хабар беради.
Ташқи аудит ҳамда масофавий тарзда олиб борилган риск-таҳлилларда кузатилган шубҳали ҳолатлар жойига чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикасида ўрганилди.
Ўрганишда Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан асоссиз равишда маблағларни харажатлар сметасини шакллантириш жараёнида бюджет ташкилотларига ажратиб бермасдан марказлаштирган ҳолда жамлаб, кейинчалик бошқа йўналишларга қайта тақсимланганлиги аниқланди.
Шунингдек, ўтказилган ўрганишда марказлаштирилган маблағлардан танлов асосида 102 млрд сўмнинг сарфланиши текширилганда 14,2 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, 71,2 млрд сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишларини бажаришда 7,5 млрд сўмлик асоссиз ортиқча маблағлар олинган ҳамда сифатсиз ишлар бажарилган бўлса, 30,8 млрд сўмлик асосий воситалар ва товар-моддий бойликлар 6,7 млрд сўмга қиммат нархларда харид қилинган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан масъулларга қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш ва келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан тегишли тадбирларни амалга ошириш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига кўрсатма юборилди.
Шунингдек ўрганиш юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.