Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Америкалик миллиардер Илон Маск, агар туғилиш даражасининг пасайишини тўхтатиш имкони топилмаса , инсоният Ернинг кенг ҳудудларидан йўқолиб кетиши мумкинлигини маълум қилди.
У ўз фикрини Х ижтимоий тармоғида, швед журналисти Петер Эмануэльсеннинг Европа аёллари учун туғилишни кўпайтириш мақсадида солиқ таътилларини жорий этиш таклифини изоҳлар экан билдирган.
«Синаб кўриш керак. Бирор нарса ўзгариши шарт, акс ҳолда Европа ва Осиё (ва Ернинг катта қисми) йўқолиб кетади!» — деб таъкидлади Маск.
Аввалроқ, ўтган йил апрель ойида Маск охирги ўттиз йил ичида фарзандли ёш америкаликлар улушининг кескин пасайишини АҚШ учун мутлақо ҳалокатли вазият деб атаган эди.
Шунингдек, декабрь ойида у Германия ва Европада туғилиш кўрсаткичларининг пастлиги туфайли йўқолиб кетиш хавфи борлигини айтган эди.