Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан ўрта мактаб ўқувчиларининг Сурхондарё вилоятида жойлашган қадимги дунё тарихига оид обидаларга саёҳатини кўзда тутувчи турпакет концепцияси ишлаб чиқилмоқда.
Сурхондарё юқори туризм салоҳиятига эга бўлиб, вилоятда 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм манзиллари бор.
Неандерталь бола қолдиқлари топилган Тешиктош ғори, Зараутсой қоятош суратлари, Хатак ғори, Марказий Осиёда ягона Қоратепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа, Зурмала буддавийлик ибодатхоналари қолдиқлари, қадимги Кушон империяси таркибига кирган ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги илк давлатлар (Тоҳаристон, Чағаниён), ислом маданиятининг буюк намоёндалари Абу Исо ат-Термизий ҳамда Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбаралари Марказий Осиёнинг цивилизация маркази сифатида Сурхондарё вилоятининг туристик салоҳиятини акс эттиради.
Маълумот учун: Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Бойсундаги «Бойбулоқ», «Тешиктош» ва «Мачай» ғорлари, Узундара қалъасини очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш кераклиги, Шерободдаги «Хатак» ғори ва Зараутсой қоятошига хорижий олимлар экспедицияси жалб этилиши таъкидланган эди.
6-синфнинг қадимги дунё тарихи фани ўқув дастурида «Энг қадимги одамларнинг ривожланиш босқичлари» ҳамда «Ўзбекистон ҳудудидаги илк давлатлар» мавзулари ўрин олган.
Бугунги кунда мамлакатимиз мактабларида 2,5 млн. нафар атрофида ўрта синф ўқувчилари таълим олмоқда. Бу ўқувчиларнинг 5 фоизи кузги ва баҳорги таътил вақтларида (10 кун) саёҳатга чиқса, 12 минг ташриф буюрувчини таъминлайди. Ота-оналарнинг фарзандлари билан бирга саёҳат қилиши инобатга олинса, бу миқдор янада кўпаяди. Шунингдек, концепцияда қўшни республикалар мактаб ўқувчиларини жалб этиш юзасидан ҳам тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Концепция лойиҳасини амалга ошириш мактаб ўқувчиларининг тарихни реал воқелик асосида ўрганишини таъминлаб, уларда фанга қизиқиш ва ватанпарлик туйғусининг ортишига ҳисса қўшади. Шунингдек, бу вилоят иқтисодиёти учун қўшимча имкониятлар яратиб, туристлар оқими, кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ва аҳоли даромадларининг ортишига хизмат қилади.