Анжуман Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) лойиҳалари координатори офиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиёнинг мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгилангани давлатимизнинг яқин қўшнилар билан дўстлик, ўзаро манфаат ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган муносабатлар ўрнатишга самимий интилиши эканини алоҳида таъкидлади.
Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга Ўзбекистон, шубҳасиз, минтақани барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантиришдан манфаатдор. Мамлакатимиз тараққиётининг чегараларимиз хавфсизлигидан тортиб сув ресурсларини оқилона тақсимлашгача бўлган барча муҳим ҳаётий масалаларини ҳал этиш минтақамиз билан чамбарчас боғлиқ. Иқтисодий жиҳатдан тараққий этган, хавфсизлиги таъминланган Марказий Осиё Ўзбекистон учун энг асосий мақсаддир. Транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни қўшни мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик қилмасдан, уларнинг юксак даражада интеграциялашувини таъминламасдан амалга ошириб бўлмайди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё нафақат географик ва геосиёсий, балки қадриятлари муштарак ягона маданий макондир. Минтақада истиқомат қилаётган халқларни умумий маънавий қадриятлар ва ўтмиш, ўхшаш миллий анъана ва урф-одатлар, асрлар давомида шаклланган менталитет бирлаштириб туради. Ушбу муштараклик минтақавий ҳамкорлик учун мустаҳкам ва ишончли пойдевордир.
Анжуманда сўзга чиққан БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари П.Драганов Ўзбекистон раҳбариятининг умумий ривожланиш ва тараққиёт йўлида Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини ўзаро яқинлаштиришга қаратилган ташаббуслари БМТнинг асосий мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг эканини қайд этди. Шу муносабат билан МОПДММ Ўзбекистоннинг бу борадаги таклифларини қўллашга тайёр. БМТ Бош котиби А.Гутерришнинг жорий йил июнь ойида Марказий Осиёга ташрифи ташкилот минтақадаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганининг яққол ифодаси бўлди.
БМТ резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Х.Фрейзер Ўзбекистонда қабул қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва унга мувофиқ қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ташқи сиёсат келгусида нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг янада фаровонлашуви ва барқарор ривожланишининг кафолати эканини таъкидлади. Шу муносабат билан БМТ Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
ЕХҲТнинг Тошкент шаҳридаги лойиҳалари координатори вазифасини бажарувчи Х.Им таъкидлаганидек, анжуманда Марказий Осиё мамлакатлари ва дипломатик корпуснинг юқори мартабали вакиллари иштирок этгани халқаро ҳамжамиятда расмий Тошкентнинг Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган минтақавий сиёсатига қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.
Анжуманда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан нуфузли эксперт ва дипломатлар иштирок этди. Муҳокамаларда қўшни давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ҳам қатнашди.
Хорижлик иштирокчилар томонидан Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсати Марказий Осиёдаги сиёсий муҳитни тубдан ўзгартириш, самарали минтақавий ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратгани алоҳида таъкидланди.
Иштирокчиларнинг чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари халқаро ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик борасидаги долзарб масалалар бўйича барча Марказий Осиё давлатлари позицияси яқин ва ўхшаш эканини кўрсатди.
Анжуманда Марказий Осиёда ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилган ғоя ва таклифлар БМТ шафелигида Ўзбекистон томонидан 2017 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилаётган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича халқаро анжуманда ўз амалий ифодасини топишига ишонч билдирилди. Мазкур халқаро конференция якунлари бўйича БМТ Бош Ассамблеясига Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган резолюцияни қабул қилишга даъват этилган тегишли коммюникени маъқуллаш кўзда тутилган.