Макроиқтисодиёт ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлик индексини янгилади.
Индекс 7 та кўрсаткич (экспорт, импорт, савдо қиймати, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, туризм, меҳнат миграцияси, товар белгиларига аризалар)дан иборат бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик даражасини (фоизда), жумладан, ўзаро экспортнинг дунёдаги қолган мамлакатлар билан савдо-сотиқдаги улушини акс эттиради.
2017-2022 йилларда индекс қиймати 31,4 фоиздан 36,3 фоизгача кўтарилди. Шу билан бирга, COVID-19 даврида жорий этилган чекловлар туфайли
кўрсаткичнинг (2020-йилда 31,3 фоизга) пасайиши кузатилади.
1.Индекснинг ўсишига энг катта ҳисса қўшган кўрсаткич бу товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш учун аризалар
бўлиб, ўрганилган даврда унинг 2,2 бараварга ўсиши кузатилган (27,2 фоиздан 60,1 фоизгача). Бу кўрсаткич тадбиркорлик субъектларининг минтақа мамлакатларида ўз фаолиятини йўлга қўйишдан манфаатдорлигини акс эттиради.
2.Экспорт кўрсаткичи қиймати 1,3 бараварга, 11,4 фоиздан 14,7 фоизга ўсган. Бу эса минтақа давлатларининг ўз маҳсулотларини бошқа ҳудудларга нисбатан биринчи навбатда қўшни давлатларнинг савдо бозорларига экспорт қилишдан манфаатдорлигини кўрсатади.
3.Импорт кўрсаткичи 1,2 барварга, 17,0 фоиздан 20,4 фоизга ўсди. Бу эса Марказий Осиё мамлакатлари бошқа мамлакатларга нисбатан минтақа давлатларидан импорт ҳажмини сезиларли даражада оширганини билдиради.
4.Минтақа ичидаги туризм 73,0 фоиздан 78,8 фоизга (1,1 баравар) ўсди. Бу Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг минтақа бўйлаб саёҳатга (таътил, даволаниш, қариндош-уруғларни кўриш, бизнес ва ҳ.к.) бўлган катта қизиқишидан далолат беради.
5.Ҳудуддаги ўзаро инвестициялар ҳажми (тўғридан-тўғри инвестицияларнинг кириб келиши ва чиқиши) деярли ўзгармаган ва 1,02 баробарга (34,8 фоиздан 35,5 фоизга) ўсган.
6.Савдо таннархи (мамлакатлар ўртасида товарлар экспорти ва импорти учун амалга оширилган тариф ва нотариф тўловларининг умумий суммаси) кўриб чиқилаётган даврда 2,7 фоиз пунктига камайган (70,9 фоиздан 68,1 фоизгача). Умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо қиймати бошқа савдо ҳамкорлари билан солиштирганда ўртача 4 баравар паст.
7.Шунингдек, меҳнат миграцияси кўрсаткичи 1,5 фоиз пунктига пасайган (16,7 фоиздан 15,3 фоизгачагача). Яъни, минтақа мамлакатлари ҳудудида яшаш ва ишлашни афзал кўрган Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг улуши камайган.
2022-йил якунларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорлик даражаси энг юқори бўлган мамлакат бу Қирғизистон (55,5 фоиз). Ундан кейинги ўринларда Тожикистон (33,1 фоиз), Ўзбекистон (27,0 фоиз) ва Туркманистон (18,8 фоиз) туради.
Энг паст индекс қиймати Қозоғистонда (18,2 фоиз) кузатилган.