«Марказий Осиё – Ҳиндистон» саммитининг илк бор олий даражада ўтказилиши ҳеч шубҳасиз минтақа ҳаётида тарихий воқеа бўлди.
Бириничидан, бу Марказий Осиёга нисбатан дунё етакчи давлатлари, шу жумладан Ҳиндистон томонидан ишончнинг кўчайиши ва эътиборнинг ортишидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган янги минтақавий сиёсати натижасида Марказий Осиё бугун ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш минтақасига айланмоқда. Бу эса дунё ҳамжамияти, хусусан Ҳиндистон назарида Марказий Осиёнинг жозибадорлигини оширмоқда.
Шу сабабли 2019 йил илк бор Самарқандда ташқи ишлар вазирлиги даражасида ташкил этилган «Марказий Осиё – Ҳиндистон» саммити бугун олий даражада ўтказилмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик ва дўстона сиёсати натижасида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, инвестиция, транспорт, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларнинг кенгайиши трансминтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга янги имкониятларни очмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ҳиндистон Марказий Осиёга транспорт имкониятларини ва экспорт салоҳиятини оширишда, ҳамда иқтисодиётнинг янги ўсиш нуқталарини аниқлашда муҳим бўлган минтақа сифатида қарайди.
Учинчидан, Ўзбекистоннинг минтақа ва халқаро хавфсизликнинг таъминлаш бўйича олиб бораётган сиёсати ва мукаммал ёндашуви. Бу энг аввало Ҳиндистон учун долзарб ҳисобланган Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси, ҳамда диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича ижобий тажрибаси.
Юқорида санаб ўтилган омиллар сабабли Ҳиндистон Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор.
Саммит кун тартибига эътибор қаратсак, унда Марказий Осиё ва Ҳиндистон учун муҳим бўлган масалалар муҳокама этилганини кўришимиз мумкин.
Президентимиз тадбирда иштирок этиб Ҳиндистон ва минтақа давлатлари ҳамкорлигининг учта устувор йўналиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурдилар. Ушбу ташаббусларнинг таҳлил қилиб шуни кўришимиз мумкинки, улар энг аввало халқимиз фаровонлигини таъминлаш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган.
Хусусан, инсон капиталини ривожлантириш йўналиши Президентимиз ташаббусларида устувор ўрин эгаллади. Ушбу йўналишда таълим, тиббиёт ва ахборот технологиялари соҳасида ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Хусусан, тиббиёт соҳасида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, вирусолог шифокорларни тайёрлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш, эмлаш сертификатларини ўзаро тан олиш ташаббуслари илгари сурилди. Бу йўналишда Ҳиндистон илғор тажрибага эга. Хусусан дунё бозоридаги дори-дармонларнинг 20 фоизи, турли касалликларни даволашда ишлатиладиган вакциналарнинг 62 фоизи Ҳиндистон улушига туғри келади. Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан Ҳиндистон бир йилда ўртача 20 млрд. доллар даромад кўради. Шу туфайли фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик фойдалинилмаган катта имкониятларга эга.
Ахборт технологиялар соҳасида ҳам Ҳиндистон дунёда етакчи давлатлар қаторига киради. Мисол тариқасида Ҳиндистон ахборот технологиялари соҳасида ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг 75 фоизини экспорт қилади, йиллик даромад эса 175 млрд. долларни ташкил этади. Шу муносабат билан давлатимиз Раҳбарининг ахборот технологиялари соҳасидаги кадрлар тайёрлаш, киберхавфсизликни таъминлаш, учинчи давлатларга IT маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича Ҳиндистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифлари долзарб аҳамиятга эга.
Президентимиз Маркзий Осиё ва Ҳиндистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор масалаларига эътибор қаратиб, иқтисодий соҳадаги муносабатларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Ҳиндистон бугун улкан иқтисодий салоҳиятга (ЯИМ – 2,64 трлн. долл., аҳоли сони 1,34 млрд. киши) эга бўлишига қарамай Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 2 млрд. долл. дан ошмайди.
Шу муносабат билан саммитда давлатимиз Раҳбари савдонинг ошишига асосий тўсиқ бўлувчи омил, яъни тўғридан-тўғри қуруқлик орқали транспорт йулининг йўқлиги масаласини ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш кераклигини ва “Марказий Осиё – Ҳиндистон” мулоқоти доирасида транспорт вазирлари учрашувини ташкил этиш муҳимлигини айтдилар.
Саммит доирасида Афғонистондаги бугунги вазият муҳокамалар марказида бўлди. Президентимиз ушбу давлатда тинчлик ўрнатишда гуманитар инқирозни олдини олиш, иқтисодий ва инфраструктуравий лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтдилар. Ҳеч шубҳасиз Афғонистонда барқарор тинчликнинг ўрнатилиши
Марказий Осиё ва Ҳиндистон ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки олий даражада ташкил этилган “Марказий Осиё – Ҳиндистон” саммити доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг амалий ижроси минтақа давлатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади.
Бахтиёр Мустафаев, Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари