Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) –Пойтахтимизда Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий форум ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон Республикаларининг ҳукумат делегациялари иштирок этишмоқда. Форумнинг расмий очилиш маросимидан олдин иштирокчи давлатлар бош вазир ўринбосарлари ўртасида беш томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация мажмуаси имкониятларини ўрганиш, ўзаро савдо ҳажми ҳамда туризм жозибадорлигини ошириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувда томонлар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жараёнида кузатилган ижобий динамикани мамнуният билан эътироф этдилар.
Элёр ҒАНИЕВ – Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари
–Халқларимизни минг йиллик оға-инилик, қўшничилик алоқалари боғлаб келади. Тарихимиз, динимиз, маданият ва урф-одатларимиз ўзаро чамбарчас боғлиқ. Мингйиллик тарихимиз стратегик ҳамкорлигимизни фаоллаштириш, унинг сифатини замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда, юқори даражага ошириш лозимлигини тақозо этмоқда. Президентимиз энг аввало қўшни давлатлар ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, конструктив ҳамкорликни ўрнатишни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор вазифаларидан этиб белгилади. Ўзбекистон минтақанинг қоқ марказида жойлашганини ҳисобга олиб, мамлакат Марказий Осиёда барқарор тинчлик, ривожланган ва тараққий этган ҳудудлар сирасига киришидан манфаатдор. Бу мақсадлар 5 та йўналиш бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида ўз аксини топган. Ушбу Форум илк бор Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Ўтган қисқа давр ичида минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ишонч сезиларли даражада ўсган. Мамлакатимиз Президентининг минтақа давлатларига самарали ташрифлари натижасида ҳудудда ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва савдо алоқалари мустаҳкамланмоқда, минтақалараро ҳамкорликнинг янги ечимлари топилди, энергетика ва транспорт соҳаларида мулоқотлар йўлга қўйилди.
Учрашув давомида Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Женис Касимбек, Қозоғистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан охирги 10 йил ичида савдо айланмаси икки баробардан ошиб, 2018 йилда 4,3 миллиард долларни ташкил этганини қайд этди. Ўз навбатида Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов мамлакатларнинг савдо-иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди ва ҳар бир мамлакатнинг кучли томонларидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Тожикистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зокирзода Махмадтоир Зоир Марказий Осиё давлатларини озиқ-овқат хавфсизлиги, тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва сувни тежаш каби глобал таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича чоралар ишлаб чиқишга чақирди.
Шунингдек, учрашув давомида Туркманистон иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари сўзга чиқиб, Марказий Осиё давлатларининг ҳар бири ўзининг иқтисодий ривожланиш моделини шакллантираётганини таъкидлади. Ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан делегациялар раҳбарлари минтақавий туризмни ривожлантиришга кўмаклашадиган, шунингдек, минтақа ҳудудига қўшимча сармояларни жалб қилишни таъминлайдиган Марказий Осиё давлатлари учун "Silk - visa" ягона визалар тизимини яратиш ташаббусини илгари суришди.