Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 млрд долларга кўпайиб, 14,8 млрд долларни ташкил қилди (1-диаграмма). Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 млрд долл) келиб тушган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 29 фоизга ошган.
Мазкур трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (795 млн долл), АҚШ (577 млн долл), Жанубий Корея (534 млн долл), Туркия (405 млн долл), Буюк Британия (135 млн долл) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.
2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг 2023 йилга нисбатан ўсиши меҳнат миграцияси йўналишида кузатилган ижобий тенденциялар, хусусан мигрантларни қабул қилувчи мамлакатларда иқтисодий фаоллик, ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг ошиши ҳамда миграция географияси таркибида юқори даромадли мамлакатлар улушининг ортиши билан изоҳланади.
Шуниндек, мазкур маблағларнинг ойлар кесими бўйича таҳлилига кўра, 2024 йилда ўтказмалар динамикасининг шаклланишига меҳнат миграцияси билан боғлиқ мавсумийлик омили билан бирга меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган анъанавий мамлакатларда миллий валюта курсидаги тебранишлар ҳам таъсир кўрсатди. 2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида 2023 йилга нисбатан Буюк Британиядан 83 фоизга, Жанубий Кореядан 56 фоизга, АҚШдан 35 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 32 фоизга ўсиш кузатилди.
Ушбу даврда жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 8,2 млрд доллари анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2023 йилга нисбатан ўсиш 14 фоиз), 5,9 млрд доллари хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалари орқали (ўсиш 51 фоиз) ҳамда 774 млн доллари банк ўтказмаси (SWIFT) орқали (ўсиш 2,1 баробар) амалга оширилган (3-диаграмма).
Хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалар тезкорлиги, қулайлиги ва нисбатан арзонлиги ҳисобига оммалашиб бормоқда. Биргина 2024 йилда P2P (онлайн) транзакциялар сони қарийб 71 миллионтага етган бўлса (2023 йилга нисбатан ўсиш 47 фоиз), ўтказмалар ҳажмининг келиб тушган жами маблағлар ҳажмидаги улуши 40 фоизгача кўпайди (2023 йилда 34 фоиз).
Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,8 млрд долларни (2023 йилга нисбатан ўсиш 19 фоиз) ташкил қилди.
2024 йилда банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотди операциялари айланмасининг умумий ҳажми 2023 йилга нисбатан 19 фоизга (4 млрд долл) кўпайиб, 25,5 млрд долларни ташкил этди. Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 16,1 млрд доллар миқдоридаги ёки 2023 йилга нисбатан 31 фоизга кўп (2023 йилда 12,3 млрд долл) чет эл валютаси сотилган. Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан банклардан харид қилинган чет эл валютаси ҳажми 2023 йилга нисбатан 3 фоизга ўсиб, 9,4 млрд долларга етди (2023 йилда 9,1 млрд долл) (4-диаграмма).
Натижада, жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган чет эл валютаси ҳажми сотиб олинган чет эл валютаси ҳажмидан 6,7 млрд долларга кўп бўлиб, ушбу ижобий фарқ ўз навбатида ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилди.
Шунингдек, банкларнинг валюта айирбошлаш инфратузилмасини ривожлантириш, уларнинг тармоғини кенгайтириш ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб борилмоқда.
Хусусан, аҳоли учун валюта айирбошлаш инфратузилмаси қамровини кенгайтириш мақсадида, банкларнинг республика бўйлаб валюта айирбошлаш шохобчалари умумий сони йил давомида 20 фоизга ошиб, 6,2 мингтага етказилди. Бунда, 24/7 режимида ишлайдиган автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари сони 3,4 мингдан ортиқ бўлиб, улар аҳоли гавжум жойлар, туристик ҳудудлар, аэропортлар, вокзаллар, меҳмонхоналар ва савдо мажмуаларида жойлаштирилган.