Марк Рочман 2018 йил 14 март куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари ва профессорлари билан учрашув ўтказди ва Кремний водийсидаги иш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Учрашув давомида Рочман шундай деди: “Менда битта ёмон хабар бор. Ўзбекистон бозори етарлича катта эмас. Яхши янгилик шундаки, Ўзбекистон йирик минтақанинг марказида турибди ва сиз ушбу бозорни қамраб олишингиз мумкин”.
Шу билан бирга, у мамлакат ўз ўрнини топиши кераклигини таъкидлади. Мисол учун, Исроил киберхавфсизлик соҳасида, Жанубий Корея эса компьютер ўйинлари соҳасида етакчи давлатлардир. Ўзбекистон ҳам ушбу соҳада ўзининг кучли томонини топиши ва бу йўналишда ечимларни ишлаб чиқариши керак.
У Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳаси ривожланиб бораётгани ва ёшлар катта имкониятларга эга эканлигини таъкидлади. “Openbucks” раҳбари Ўзбекистон ёшлари чет элда эмас, балки мамлакат равнақи учун ишлаши кераклигини таъкидлади.
Рочманнинг фикрича, ёшлар пулнинг ортидан қувмасликлари керак. У катта компаниялар катта пул таклиф қилишини таъкидлади, аммо кичик компанияларда улар ўз билимларини ошириб, кўпроқ билимга эга бўлишлари мумкинлигини қайд этди.
Учрашув давомида у талабаларга ўз тавсияларини берди. Ёшлар албата инглиз тилини билишлари ва мавжуд муаммоларга ечим топишлари керак. Агар лойиҳангиз бир муаммони ҳал қилса, у муваффақиятли бўлади, деди Рочман. Бозорда кўплаб қизиқарли фикрлар мавжуд, аммо уларнинг кўпчилиги муваффақиятсизликка учрайди, чунки мазкур лойиҳалар одамларга муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бермайди.
У Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлардаги мавжуд муаммоларни ўрганишни маслаҳат берди ва инновациялар асосида ушбу муаммоларни ҳал қилишни таклиф қилди.
Тадбиркор шунингдек, ҳар доим ўғлига бошқаларга қараганда яхшироқ бўлиши кераклигини уқтиришини айтди. “Мен сизларга ҳам шуни айтаман, агар сиз бошқалардан яхшироқ бўлмасангиз, сизнинг ўрнингиз ўзгалар томонидан, масалан, Ҳиндистон ёки Хитой мутахассислари томонидан эгаллаб олинади”, - деди у.
Учрашув якунида “Openbucks”нинг асосчиси ва президенти Марк Рочман IUT талабалари ва профессор-ўқитувчилари саволларига жавоб берди.
“Openbucks” раҳбари АКТ вазирлиги ҳамда БМТТДнинг “Самарали Давлат Бошқарувини ривожлантириш ва Рақамли Трансформацияга кўмак” қўшма лойиҳаси орқали таклиф қилинди.
2010 йилда асос солинган “Openbucks” компанияси электрон тижорат соҳасида инновацион хизматларни тақдим этади. Компания тўловларни интернет орқали амалга оширишга ёрдам берувчи хизматни тақдим этади. Хизмат кредит картани аккаунт билан уйғунлаштириш ҳамда махсус код ёрдамида товарлар учун тўловни амалга оширишни таклиф қилади.
IUT ва АҚШнинг “Openbucks” корпорацияси ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми 2017 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга қилган давлат ташрифи вақтида имзоланган эди.
Имзоланган меморандум доирасида IUT ва “Openbucks” АТ-таълим соҳасида ҳамкорлик қилишади. Хусусан, томонлар “Кремний водийси”даги турли компания вакиллари иштирокида “Silicon Valley Talks” тадбирини ўтказишмоқда.