“Атлас байрами” фестивали миллий ҳунармандликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жорий йилда фестиваль дастури сезиларли равишда кенгайтирилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этади. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади.
Шунингдек, «Ўзбекистон тўқимачилиги ва барқарор ривожланиш» мавзусида давра суҳбати, «Марғилон осмони остида» ва «Жаҳон тўқимачилиги: Ғарб ва Шарқ» кўргазмалари ташкил этилади. Фестиваль доирасида «Ҳунармандлар шаҳарчаси» деб номланган амалий санъат буюмлари ярмаркаси, Ўзбекистон модельерлари шоу-дефилеси, концертлар, кураш мусобақаси, дорбозлар томошаси, «Девзира» ош танлови ҳам ўтказилади.