Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 29/11/2016 Мақсадимиз - ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш!
Мақсадимиз - ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш!
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашуви кўпчилик пойтахтликлар каби менда ҳам катта таасурот қолдирди. Айниқса, номзоднинг Тошкент шаҳрини нафақат минтақамиз, балки дунёдаги энг гўзал ва обод мегаполислардан бирига айлантирамиз деган сўзлари сайловчилар учун қувончли янгилик бўлди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар сайловчилари билан бўлган учрашувида ўз сайловолди дастури ҳақида сўз юритар экан, пойтахтимизда миллий меъморчилик ва шаҳарсозликнинг энг илғор ютуқларидан фойдаланган ҳолда, кенг миқёсдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилишини таъкидлади.

Шу билан бирга Тошкент шаҳри замонавий корхоналар ташкил қилиш, ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни, илғор усулларни жорий этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳам бошқа вилоятларга ўрнак ва намуна бўлиб келаётганини эътироф этди.

Номзод мазкур йўналишдаги чора-тадбирлар янада кенг кўламда давом эттирилишини таъкидлар экан, пойтахтимизнинг мамлакатимиз иқтисодиётини ўсишига қўшаётган катта хиссасини алоҳида тилга олди. Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 16 фоиздан ортиғи, инвестицияларнинг 18 фоиздан, саноат маҳсулотларининг 20 фоиздан зиёди айнан Тошкент шаҳрига тўғри келаётгани фахр билан қайд этди.

Фақат шугина эмас. Номзод дастурида шунингдек, шаҳарнинг барча туманларида янги маданият ва истироҳат боғларини барпо этиш, яшил майдон ва ҳудудларни янада кўпайтириш, коммунал ва савдо хизматлари сифатини яхшилаш, янги транспорт-коммуникация тармоқлари ва замонавий хизмат турлари, маданий-маиший объектлар бунёд этиш масаласи илгари сурилган.

Номзод шунингдек, Тошкент шаҳрини келгуси беш йилда ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган иқтисодий дастурда, биринчи галда, ривожланган мегаполисларга хос бўлган, юқори технологияга асосланган, дунё бозорида рақобатдош саноат маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқариш масаласини ҳам эътибордан четда қолдирмади.

Ишончим комилки, номзод дастурида илгари сурилган барча йўланишлар халқ фаровонлигига, аҳолимизнинг тинч-тотув яшашига, уларни бугунги кунидан хурсанд, эртанги кунга ишонч билан ҳаёт кечиришига хизмат қилади.

Шундай экан, барча юртдошларимизни бўлажак сайловларда ўз сайловолди дастурида барча соҳани бирдек ривожлантиришни мақсад қилб қўйган, кўплаб янги-янги ғояларни илгари сурган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақираман!

Хосил Халматов, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг