Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Фарҳод Жўраев, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ва бошқалар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстликдан қувват олишини таъкидлади. Афросиёб деворида акс этган Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея – Чосон элчисини қабул қилиш маросими мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга бориб тақалишидан далолат беради. Истиқлол йилларида олий даражадаги мулоқотлар ва халқларимизнинг муштарак интилишлари самарасида бу муносабатлар янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015-йил май ойида Жанубий Кореяга, Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг 2014-йил июнь ойида мамлакатимизга давлат ташрифлари ўзаро ҳамкорликни янада юксалтиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Юртимизда ўзаро ҳамкорликда автомобилсозлик, кимё саноати, тўқимачилик, тиббиёт, илғор инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ўзбек-корейс дўстлиги ришталари таълим, маданий-маърифий жабҳаларда ҳам равнақ топаётир. Жанубий Корея билан ҳамкорликда ўқитувчиларнинг касб маҳоратини ошириш, ўқитиш тизимига замонавий педагогик, ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшма лойиҳалар ҳаётга кенг жорий этилмоқда. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ахборот технологиялари, инжиниринг каби замонавий йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Бир қатор таълим масканларида корейс тили ўргатилади. Жанубий кореялик тилшунос мутахассислар ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга катта қизиқиш билан қарамоқда.
Менталитети, эзгу орзу-интилишлари уйғун, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, фидойилик, катталарга ҳурмат, миллий анъаналарга содиқликдек ибратли қадриятлари ўзаро ҳамоҳанг бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар маданият ва санъат соҳаларида ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Жанубий Кореяда Ўзбекистон маданияти кунлари, юртимизда Жанубий Корея санъатига бағишланган фестиваль ва байрамлар ўтказилиши анъана тусига кирган. Корейс рассомлари мамлакатимизда ўтаётган бадиий ва фото кўргазмаларнинг доимий қатнашчиси. Жанубий Корея санъаткорлари Самарқанд шаҳрида бўладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этади, деб хабар беради ЎзА.
Юртимизда бу йил ўтказилаётган Корея Республикаси фестивали ранг-баранг дастурлар, тақдимот маросимлари, модалар намойиши, концертлар, кино санъати байрамлари, театрлаштирилган томошаларга бой. Фестиваль доирасида Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси кубоги учун ўсмирлар иштирокида таэквондо бўйича мусобақа бўлиб ўтади. “Туркистон” саройида мусиқа ихлосмандлари ушбу мамлакатнинг нафис мусиқасидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлади. Бундай мусиқий концерт дастурлари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳам ташкил этилади. Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ўтадиган Жанубий Корея фильмлари фестивалида “Отамга бағишлов”, “Ҳимолай”, “Детектив К” сингари фильмлар намойиши режалаштирилган. 21-22-октябрь кунлари Ўзбекистон ёшлар театрида таниқли рассом Ли Джонг Соп фаолиятига бағишланган театрлаштирилган-мусиқий томоша намойиш этилади.
Корея Республикаси фестивали дизайнер Ли Ёнг Хи томонидан яратилган анъанавий либослар намойиши билан бошланди.