Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳрида 28-феврал куни Савдо-саноат бўйича Ўзбекистон — Буюк Британия кенгашининг 24-мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ишбилармон доира вакиллари, Буюк Британия Бош вазирининг савдо масалалари бўйича махсус вакили, Баронесса Эмма Николсон бошчилигидаги 60 дан зиёд компаниялар вакиллари қатнашди.
Мажлисда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев мамлакатимизда сўнгги йилларда инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, эркин бозор иқтисодиётига оʻтишга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилаётганини такидлади.
Савдо-саноат бўйича Ўзбекистон — Буюк Британия кенгаши икки томонлама келишувга кўра, 1994 йилда ташкил қилинган. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда ушбу кенгаш муҳим ўрин тутади. Кенгашнинг бу галги мажлисида Буюк Британиядан 100 дан зиёд ишбилармон қатнашгани хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат.
Тадбирда Буюк Британия Бош вазирининг савдо масалалари бўйича махсус вакили, Баронесса Эмма Николсон Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш истагида бўлган британиялик инвесторлар сони кўпаяётганини, бу таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик ва савдо муносабатларини янада ривожлантириш имконини беришини қайд этди. Буюк Британия томони Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.
Анжуман шўба мажлисларида давом этди. Унда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги имкониятлари, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистонда лойиҳаларни молиялаштириш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Савдо-саноат бўйича Ўзбекистон — Буюк Британия кенгаши мажлиси доирасида мамлакатимизда Президент мактаблари, халқаро стандартларга мос олий таълим муассасасини ташкил этиш, шунингдек, Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган мажмуа, кўп тармоқли “London Clinic” шифохонасини бунёд этиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокида “G2G”, “G2B”, “B2B” форматидаги музокаралар ўтказилди дея хабар бермоқда ЎзА.