Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазири ўринбосари жаноб Юн Джонг Ин бошчилигидаги делигация 18-19 март кунлари Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлди.
Делегация вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида учрашувларда иштирок этдилар.
Агентликдаги учрашувда меҳмонлар Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама муносабатлар даражасини юқори баҳоладилар ва мамлакатлар ўртасида ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашини алоҳида таъкидладилар, Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг миқёси ва сифатига, ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда 195 турдаги хизматлар тақдим этилаётганига тўхталиб ўтдилар. Учрашув қатнашчилари электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги Ўзбекистон-Корея муносабатларининг ҳолати, ушбу соҳадаги янги қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш бўйича фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ўзаро илғор тажрибаларни алмашиш, қўшма тадқиқотлар, корпоратив ҳамкорликни олиб бориш ва Ўзбекистонда Маълумотлар марказини ташкил этишда техник кўмак кўрсатишни ўз ичига олган ўзаро англашув меморандум имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда пенсия таъминоти ва давлат харидлари соҳасида тўпланган тажрибани муҳокама қилиб, мавжуд институционал механизмларга энг илғор ечимларни жорий қилиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида Корея делегацияси экспертлари экспортни ошириш ва кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган солиқ сиёсатини амалга ошириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Бундан ташқари 19 март куни Корея Республикаси делегацияси ташрифи доирасида International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш Маркази ҳамда Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги томонидан биргаликда ташкиллаштирилган “Электрон ҳуқумат: Трараққиёт истиқболлари” ўзбек-корейс форуми бўлиб ўтди.
Форум ишида корейс делегацияси вакиллари, Агентлик, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, таълим муассасалари, Mirzo Ulugbek Innovation Center (MUIC) ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаш Инновацион марказининг 100 ортиқ вакиллари қатнашдилар. Тадбир доирасида секция мажлиси ҳам бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Жанубий Корея электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси бўйича дунё мамлакатлари халқаро рейтингида етакчи ўринни (3 ўрин) эгаллайди. Мазкур рейтинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан дунёдаги 193 давлатда фуқороларга давлат хизматларини тақдим этишда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)дан фойдаланиш бўйича миллий давлат тузилмаларининг тайёрлиги ва уларнинг имкониятларини баҳолаш натижаларига кўра эълон қилинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги.