Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар ўтказиш имкониятини яратишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят-ижроия кодексининг тегишли моддаларига Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофадан видео-учрашув ҳуқуқини бериш орқали ўз яқинлари билан онлайн учрашиш имкониятини яратишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Депутат Сайдулла Азимов лойиҳа бўйича батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, маҳкумларга масофадан видео-учрашув ҳуқуқини бериш орқали уларга ўз яқинлари билан онлайн учрашиш имконияти яратилади.
Лойиҳада маҳкумларнинг масофали видео-учрашув ҳуқуқини амалга ошириш сони, шартлари ва тартиби, қўшимча видео-учрашув имкониятлари тўлиқ ўз аксини топмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси маҳкумларнинг оила аъзолари билан мулоқот қилиш имконини кенгайтиришга, фуқаролар сарсонгарчилигининг олдини олишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.