Маҳаллий онлайн хизматлар индекси доирасида UNDESA билан англашув меморандуми имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA)нинг Давлат институтлари ва рақамли ҳукумат бўлими (DPIDG) Рақамли ҳукумат бўлими раҳбари Винченсо Акуаро ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида рақамли давлат бошқаруви соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, очиқ ҳукумат ташаббусларини илгари суриш, шунингдек, БМТнинг глобал ташаббуслари доирасида шерикликни янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги электрон иштирокини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Винченсо Акуаро Ўзбекистонда бу соҳада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади ва UNDESAнинг имкониятлари доирасида рақамли инклюзия ва электрон иштирок йўналишларида экспертлик кўмаги кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув доирасида Ўзбекистонда давлат хизматчилари салоҳиятини оширишга қаратилган тизимли ўқув семинарлар (воркшоплар) ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Рақамли технологиялар вазирлиги ва UNDESA ўртасида LOSI (Local Online Services Index) ташаббуси доирасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат ҳудудий даражадаги рақамли хизматларни баҳолашни тизимли ташкил этиш, маҳаллий рақамли платформалар ҳолатини таҳлил қилиш, онлайн хизматларнинг сифати ва фойдаланиш имкониятини ошириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, Ўзбекистонни LOSIнинг халқаро методологиясига киритиш ва унинг глобал рейтинглардаги иштирокини кучайтириш имконини беради.
Винченсо Акуаро Ўзбекистоннинг рақамли давлат бошқаруви йўналишида минтақавий етакчига айланишига ишонч билдирди ва мавжуд миллий ислоҳотларни УН ДEСА томонидан қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини тасдиқлади.