Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 02/11/2016 Маҳалла “адолат тарозиси” мақомига эга бўлади
Маҳалла “адолат тарозиси” мақомига эга бўлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш устувор вазифа деб белгиланган.

Кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, унинг институтлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтириш истиқлол йилларида амалга оширилаётган ҳамда аҳоли ҳаёт сифати ва фаровонлигини янада оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Айни пайтда юртимизда фаолият олиб бораётган ўн мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ўз ҳудудида турли масалаларни ҳал қилиш учун давлат органлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу тизим, тадбиркорлик ва оилавий бизнес маркази, жамоат назоратининг муҳим кўзгуси, ижтимоий шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, жамиятимиздаги ислоҳотлардан ҳар бир фуқаронинг баҳраманд бўлишини таъминлашда ўз ўрнига эга бўлган етакчи тузилмага айланмоқда.

Сайловолди дастурида фуқаролик жамиятининг фундаменти ҳисобланган маҳалланинг нуфузини ошириш, ушбу тузилмани янада қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш бўйича бир қатор ғоялар илгари сурилган. Хусусан, маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган раҳбар ва ходимларнинг малакаси ва савиясини мунтазам ошириб бориш бўйича аниқ чора тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги белгиланган.

Ватан маҳалладан бошланади. Шунинг учун ҳам партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида маҳалла институтининг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланиши асосий мақсад қилиб қўйилган. Элим деб, юртим деб ёниб яшаётган, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Миромонович Мирзиёевга овоз беришга чақирамиз.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг