Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 26/04/2019 “ЛУКОЙЛ” компанияси қатор лойиҳаларга $ 2 млрд. инвестиция киритиш ниятида
“LUKOYL” kompaniyasi qator loyihalarga $ 2 mlrd. investitsiya kiritish niyatida

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Бухоро шаҳрида "ЛУКОЙЛ" ЁАЖ директорлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

2019 йил 25 апрель куни Бухоро шаҳрида “ЛУКОЙЛ” ЁАЖ Директорлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда "ЛУКОИЛ" ЁАЖ президенти Вагит Алекперов ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов иштирок этди.

Йиғилишда "ЛУКОЙЛ" ЁАЖ президенти Вагит Алекперов таъкидлаганидек, сўнгги икки йил давомида Ўзбекистондаги инвестицион муҳит тубдан ўзгарди.

"Биз бу ерда 2003 йилдан буён ишлаяпмиз, бугунги кунда ҳукумат томонидан олиб борилаётган ишлар, пул-кредит сиёсатидаги, энергетика бозорида ўзгаришлар, албатта, барқарор ривожланиш учун замин яратмоқда. Биз гувоҳи бўлиб турган  ЯИМнинг йиллик 6-7 фоиз ўсиш суръатлари кишини ҳайратга солади. Биз ушбу жараённинг бир қисми эканлигимиздан мамнунмиз. Яна бир бор таъкидлашни истардимки, "ЛУКОЙЛ" республикага янги сармоялар киритиш, янги геология-қидирув ишларини олиб боришни режалаштирга ва аминманки, бу ишларнинг барчаси жадал тарзда ривожланади", - деди В.Алекперов ОАВ учун берган интервьюсида.

Шунингдек, у “ЛУКОЙЛ” компанияси мавжуд лойиҳаларни ривожлантириш учун қарийб 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишни режалаштираётганини таъкидлади. Хусусан, инвестициялар, келажакда Ҳисор ва "Қандим" кон гуруҳидаги ишлаб чиқариш пасайишининг олдини олиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилишини таъкидлади.

Маълумки, мамлакатимизнинг ушбу ҳудудида “ЛУКОЙЛ”  ўзбекистонлик ҳамкорлари билан биргаликда ўзининг устувор лойиҳалардан бири “Қандим” конлари гуруҳини ўзлаштириш бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу кенг кўламли лойиҳани амалга оширишдан кўзда тутилган асосий мақсад  Марказий Осиёдаги энг йирик корхоналардан бири бўлган Қандим газни қайта ишлаш мажмуасини барпо этишдир.

"ЛУКОЙЛ" ЁАЖ Директорлар кенгаши аъзолари томонидан ҳам мазкур қўшма лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилаётгани бугунги Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг яққол исботи экани  таъкидланди.

"Барчамиз ва шахсан менга бу ерга келиб, Ўзбекистонда газни қайта ишлаш заводи юқори сифатда қурилганига гувоҳ   бўлиш катта мамнуният бағишлайди. Яъни, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қисқа вақт ичида ва энг юқори стандартларга мувофиқ қурилганини ўз кўзимиз билан кўрдик, - деди "ЛУКОЙЛ" ЁАЖ Директорлар кенгаши аъзоси Рожер Муннингс. - Биз бу ерда, компаниянинг хорижий лойиҳаларини ривожлантириш, яъни Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарида амалга оширилаётган лойиҳаларни муҳокама қилдик. Бу эса  Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳимдир. Имкониятдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг ҳозирги очиқ сиёсатини, мамлакатингизнинг жаҳон иқтисодиёти жараёнларига босқичма-босқич қўшилиб бораётгани ва  бу мақсадга қисқа муддатларда эришишига ҳаракат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтаман".

"Маълумки, "ЛУКОЙЛ" Ўзбекистондаги энг йирик хорижий  сармоядорлардан бири бўлиб, Буюк Ипак йўлида жойлашган машҳур давлатлардан бирининг иқтисодиёти ривожланишига ҳисса қўшиши мумкинлиги компанияни мамнун этади. Мамлакатингизнинг янада ривожланиши учун ажойиб,   жумладан, ер ости ва ер усти бойликларидан оқилона фойдаланиш учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Шу қаторда,  Бухоро, Самарқанд ва тарихий меросга эга бошқа шаҳарларингизни ҳам таъкидлаб ўтиш мумкин. Ўйлайманки, бундай имкониятлар иқтисодий ўсишни таъминлаш, Ўзбекистон халқининг фаровонлигини янада мустаҳкамлаш, бой тарихий меросингизни сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади", - деди иқтисодиёт магистри, “ЛУКОЙЛ” ЁАЖ Директорлар кенгаши аъзоси, “Symbiotics” директорлар кенгаши раиси Иван Пикте.

“Биз мамлакатингизнинг иқтисодиёти ўсиб бораётгани, одамларнинг фаровонлиги ошиб бораётгани, маҳаллий  мутахассисларнинг юқори малака ва ўз ишларини яхши  билишини англатувчи ушбу ажойиб лойиҳанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ерда жуда кўп нарсалар яхшилик томон ўзгарди ва бу ўзгаришлар ҳайратланарлидир. Бугун юртингиз жуда фойдали ва истиқболли лойиҳаларга эга бўлган буткул бошқа бир мамлакатдир. Алоҳида қайд этишни истардимки, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси экология яхшиланиши ва барқарор ривожланиш имконини берувчи "тоза" лойиҳадир. Бу ерда ҳамма нарса халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилган ва мен сизни бу борада табриклайман. Шуларни инобатга оладиган бўлсак, биз бу ерда компаниянинг глобал  миқёсидаги лойиҳалари, жумладан, бой тарихга эга бўлган Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларини муҳокама қилишимиз мақсадга мувофиқдир", - деди "ЛУКОЙЛ" ЁАЖ Директорлар кенгаши аъзоси Тоби Гати.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар, жумладан, "ЛУКОЙЛ" ЁАЖ акциялари бўйича 2018 йилги натижалар асосида дивидендлар миқдори юзасидан акциядорлар Умумий йиғилишига тавсиялар бериш муҳокама этилди ва қарорлар қабул қилинди.

Акциядорларнинг йиллик Умумий йиғилишига 2018 йил якуни бўйича оддий қимматли қоғозлар учун 155 рубль миқдорида дивиденд тўлашни тасдиқлаш тавсия этилди. Олдиндан тўланадиган вақтинчалик дивидендлар ҳисобга олинса, 2018 йилда дивидендларнинг умумий миқдори оддий  акциялар учун 250 рублни ташкил этади ва бу ўтган йилги кўрсаткичдан (215 рубль) 16 фоизга ортиқдир. Дивидендлар олиш ҳуқуқига эга шахсларни аниқлаш санасини эса 2019 йил 9 июлга белгилаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, "ЛУКОЙЛ" ЁАЖ Директорлар кенгашининг йиғилишида "Геология-қидирув ва ишлаб чиқариш" бизнес-сегментида компаниянинг халқаро лойиҳаларини амалга ошириш жараёни тўғрисидаги маъруза тақдим этилди ва "ЛУКОЙЛ" ЁАЖ президенти билан тузилган шартноманинг асосий шартлари тасдиқланди.

Қайд этиш керакки, "ЛУКОЙЛ" ЁАЖ Ўзбекистоннинг нефт-газ соҳасидаги энг йирик сармоядорларидан ҳамда "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг стратегик ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Компаниялар Қандим конлари, Ҳаузак ва Шоди участкалари, Ўзбекистон Республикасининг Жанубий-Ғарбий Ҳисор ва Устюрт ҳудудларидаги конлари, шунингдек, Қўнғирот участкаси борасида маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги келишувни амалга ошириш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Хусусан, Ҳисор конларини ўзлаштириш бўйича 2017 йилда имзоланган шартнома доирасида асосий ишлаб чиқариш ва технологик қурилмалар ишга туширилди. Йиллик лойиҳавий қуввати 4,4 миллиард кубометр газни тозалаш қурилмаси, газни дастлабки тайёрлаш, шунингдек, олтита газни йиғиш пунктлари фойдаланишга топширилди. Мазкур объектларнинг ишга туширилиши Ҳисор конлар гуруҳида газ қазиб олишни йилига 5 млрд. куб метргача даражага етказишга имконини берди.

2018 йил 19 апрелда Қандим конларини ўзлаштириш лойиҳаси бўйича йилик қуввати 8,1 млрд. куб. метрни газни қайта ишлашга тенг бўлган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси ишга туширилди. У Қандим конлар гуруҳидан  қазиб олинадиган табиий газдан барқарор газ конденсати ва тайёр газ ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Қандим конида 71 та қудуқ мавжуд бўлиб, табиий газ йиғиш тизими яратилган.

Мухтасар қилиб айтганда, "ЛУКОЙЛ" ЁАЖнинг "Қандим" ва "Ҳисор" газ конларини ўзлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича киритган инвестициялари (капитал қўйилмалари) қарийб 7 миллиард долларни ташкил этди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ ва "ЛУКОЙЛ" ЁАЖ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикасининг учта инвестицион блоклари нефть ва газ салоҳиятини баҳолаш учун геология-геофизик маълумотларини биргаликда ўрганиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат Россия Федерацияси Президентининг 2018 йил октябрь ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида имзоланган эди. Унга кўра, ҳозирда инвестиция блоклари бўйича материалларни ўрганиш билан шуғулланадиган ишчи гуруҳи тузилган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг