Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Дунё 02/06/2016 Лондонда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг ҳамкорлиги мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Лондонда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг ҳамкорлиги мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Лондонда Ўзбекистон Республикаси ва Буюк Британиянинг таълим ҳамда маданият соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлиги мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мамлакатимизнинг Бирлашган қиролликдаги элчихонаси томонидан Вестминстер университети билан биргаликда ташкил этилди.

Буюк Британия пойтахтидаги машҳур “Regent Street Cinema” кино саройида мамлакатнинг жамоат ва давлат арбоблари, Британия парламенти аъзолари, хорижий давлатлар дипломатия ваколатхоналарининг ходимлари, ишбилармон доиралар, сайёҳлик компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакилларидан иборат икки юз нафарга яқин киши ушбу давра суҳбатининг иштирокчилари бўлдилар.

Давра суҳбати доирасида суратлар кўргазмаси ва ВВC телерадио корпорацияси томонидан суратга олинган “The Silk Road” (“Ипак йўли”) номли ҳужжатли филмнинг тақдимоти ҳам ташкил этилди.

Вестминстер университети ректори Жеффри Петтс тадбир иштирокчиларини қутлар экан, 2002 йили очилган Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети Марказий Осийода ягона ҳисобланишини, бу эса таълимнинг халқаро андозаларига мос келадиган янги даражасига ўтиш бўйича Ўзбекистоннинг интилишларини тасдиқлаганини айтди. Профессорнинг қайд этишича, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида таҳсил олаётган талабаларнинг интеллектуал салоҳияти юқори баҳога лойиқдир.

Ж.Петтс тарихий Ипак йўли ҳақидаги ҳужжатли филмнинг тақдимоти юзасидан ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашар экан, у Лондоннинг машҳурликда биринчи бўлган “Regent Street Cinema” кинозалида намойиш этилаётгани рамзий маънога эга эканлигини таъкидлади.

“Ўзбек замини дунёга кўплаб буюк давлат арбоблари, олим ва мутафаккирларни туҳфа қилган. Улар жаҳон цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшишган. Бугунги кунда бу мероснинг салоҳияти янада ошмоқда - Ўзбекистон ҳар томонлама баркамол, ўқимишлилиги даражаси юқори бўлган авлодни тарбиялаш йўлидан бормоқда. Давлатнинг таълим соҳасида олиб бораётган сиёсати буни тасдиқлайди”, деди Ж.Петтс.

Ҳужжатли филм намойиши ниҳоясига етганидан сўнг унинг муаллифи - таниқли инглиз тарихчиси Сем Уиллис сўзга чиқиб, бу минтақамиз халқлари жаҳон илм-фани, иқтисодиёти ва сиёсати ривожига қўшган ҳиссани янада чуқурроқ идрок этишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини жалб этиш юзасидан бир уриниш эканлигини таъкидлади. С.Уиллис Марказий Осиё маданияти ва тарихий меросини фаол ўрганишга даъват этар экан, бу минтақа билан бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишончи комил эканлигини айтди. Шунингдек, британиялик тарихчи кўҳна трансконтинентал йўлнинг марказий қисми сифатида Ўзбекистон барча соҳаларда яна жадал ўсишни намоён қилаётганини таъкидлар экан, бу умумбашарий тараққиётга ўз ҳиссасини қўшиш учун мамлакатда ижобий салоҳият ва имкониятлар сақланиб қолганидан далолат беришини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Ғарб жамоатчилигининг Шарқ тарихига нисбатан қизиқиши тобора ортиб бораётгани ҳисобга олиниб, ВВC ижодий гуруҳи томонидан уч қисмдан иборат “The Silk Road” (Ипак йўли) номли ҳужжатли филм суратга олинди. Хитойдан Яқин Шарққа қадар бўлган ҳудуддаги энг муҳим шаҳарларда, жумладан, Ўзбекистонда суратга олиш ишлари амалга оширилди. Мазкур филм Ипак йўлининг инсоният тарихидаги муҳим ўрни, унинг Шарқ ва Ғарб ўртасида ғоялар, маданиятлар, динлар ва савдо алоқаларини бирлаштиргани ҳамда инсоният цивилизацияси ривожланишига улкан ҳисса қўшгани ҳақида ҳикоя қилади.

Шубҳасиз, ушбу филмда Буюк Ипак йўлининг шаклланиши ва ривожланишида Ўзбекистоннинг, у тарбиялаган ва вояга етказган буюк авлодларнинг ўрни катта эканлиги муаллифлар томонидан таъкидланади.

Ўша даврда Моварауннаҳрда кечган кўпгина жараёнлар XV аср Европа Ренессансига асос бўлгани қайд этилади. Ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, халқнинг бой маданий-тарихий меросини авайлаб асраш ва уни янада бойитиш юзасидан замонавий Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликка ҳужжатли филмда алоҳида эътибор қаратилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг