Лондонда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев Лондон шаҳрида жойлашган нуфузли халқаро медиа марказлардан бири – “Frontline Club” муассасасининг вакили Жо Уир билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Марказий Осиё мавзуларига бағишланган тадбирларни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, сайёҳлик салоҳиятини ошириш ҳамда маданий ва тарихий меросни тарғиб этиш мақсадида бизнес учрашувлари, очиқ муҳокамалар, ҳужжатли фильмлар намойиши ва тақдимотлар ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу ташаббуслар орқали Буюк Британиядаги етакчи журналистлар ва соҳанинг таниқли экспертлари эътиборини Ўзбекистон ҳамда минтақага қаратиш, шунингдек, мамлакатнинг туризм салоҳияти ва бой маданий-тарихий бойликларини кенгроқ аудиторияга таништириш асосий мақсад қилиб белгиланди.
Томонлар келгусида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ва амалий лойиҳаларни тизимли равишда йўлга қўйишга келишиб олдилар.