Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --
Осиё чемпионлар лигаси 2016, чорак финал босқичи жавоб учрашувлари доирасида Ўзбекистоннинг "Локомотив" жамоаси "Бунёдкор" стадионида Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Айн" жамоасини қабул қилиб, 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.
Дастлабки учрашувда сафарда 0:0 ҳисобида дуранг натижа қайд этган "Локомотив"ни жавоб ўйинида фақатгина ғалаба қаноатлантирар эди. Голли ҳар қандай дуранг эса "Ал-Айн"ни кейинги босқичга олиб чиқар, бу эса "Локомотив"дан ҳимояда ҳам эҳтиёткор ўйнашга мажбур қиларди.
"Локомотив" биринчи бўлим якунларига қадар ҳимояда анча тартибли ҳаракат қилган бўлсада, 39-дақиқада меҳмонлар қарши ҳужумдан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. Ушбу голга Амирликлар клубининг янги аъзоси - Кайо Фернандез муалифлик қилди.
Ушбу гол учрашувда ягона бўлиб қолди ва шу тариқа "Локомотив" Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштирокини чорак финал босқичида якунлади, деб хабар беради ЎФФ матбуот хизмати.