Латвия давлатига ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан фуқароларимизни хорижий давлатларга ишлаш учун юбориш бўйича қатор амалий чоралар кўрилмоқда.
Натижада ватандошларимиз бориб ишлайдиган мамлакатлар сони тобора ортиб, хорижда бўлиб турган вақтларида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лекин, ишонувчан, содда фуқаролар гўёки чет давлатларга ишлаш учун юбормоқчи бўлган фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётганликлари ҳам бор ҳақиқат.
Хусусан, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи, 1991 й.т. шахс хорижда ишламоқчи бўлган фуқароларга маслаҳат ва виза олиш бўйича зарур ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиш билан шуғулланувчи МЧЖ ташкил қилиб, ижтимоий тармоқлар орқали Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқаронинг ишончига киради.
Уларга Латвия давлатига ишлаш учун боришларида керак бўладиган визани олиб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бундай қонунбузилиш ҳолати Тошкент вилоятида ҳам қайд этилиб, унда Ангрен шаҳрида яшовчи, 1997 й.т. шахс Андижон вилоятида истиқомат қилувчи 1991 ва 1992 йилларда туғилган 3 нафар фуқарога элчихонада ишловчи танишлари орқали Латвия давлатига бориб ишлаш имконини берувчи ишчи виза расмийлаштириб бериш эвазига 8250 АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида Ангрен шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағидан 2100 АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур икки қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.