Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Покистоннинг Лаҳор шаҳрида Ўзбекистонга кириш визаларини олиш учун Визавий ёрдам маркази очилди. Мазкур марказ Ўзбекистон элчихонаси ва Meezab Group туристик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Марказнинг очилиши покистонлик фуқаролар учун визаларни расмийлаштириш жараёнини соддалаштириш ва икки мамлакат ўртасидаги туристик алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилади.
Очилиш маросимида Ўзбекистоннинг зиёрат, гастрономия, тиббий ҳамда MICE-туризми имкониятлари тақдим этилди.
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаэв (онлайн) мамлакатда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб, Ўзбекистоннинг хорижий сайёҳлар орасида тобора оммалашиб бораётганини таъкидлади.
Покистон туристик компаниялари вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликка катта қизиқиш билдирдилар ва янги марказ икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлишини қайд этдилар.