Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 23/08/2022 Кун тартибида – инсон қадри, халқ розилиги
Кун тартибида – инсон қадри, халқ розилиги

Жорий йилнинг ўтган даврида Фарғона вилоятидаги Президент Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасига вилоят аҳолисидан 73 минг 148 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 69 минг 115 таси кўриб чиқилган. Шундан 36 минг 490 таси ёки 52,7 фоизи ижобий ҳал қилинган, 30 минг 970 дан зиёд ёки 44,8 фоиз масалага ҳуқуқий маълумот ва тушунтириш бериш орқали ечим топилган бўлса, яна бир қисм мурожаатлар узоқ муддатли назоратга олинган.

Дейлик, Риштоннинг Полвонобод қишлоғида 1960-йилларда қурилган бир шийпон анчадан бери бўш турган эди. Шу қишлоқлик тадбиркор Икромжон Маматқулов бу ерда давлат-хусусий шериклик тамойили асосида янги бино қуриш таклифи билан чиқди. Бу масала ҳам шу ерда ўрганилиб, ҳал қилингач, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Айни пайтда янги бинони қуриш ишлари бошланган. Бинонинг асосий қисмида маҳалла идораси жойлашса, ертўласида чеварчилик корхонаси ташкил қилинади, бўшаган майдондаэса музлатгичли омборхонабунёд қилинади. Бу билан маҳаллада ўнта янги иш ўрни яратилади.

Бағдодлик 23 ёшли тадбиркор Шерзодбек Абдухалилов тумандаги кичик саноат зонасида ихчам инкубаторлар, музқаймоқ, кўмир брикетлари ва кир ювиш воситалари тайёрлаш ускуналари-ю дастгоҳларини ишлаб чиқармоқда. Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида мамлакатимиз бўйлаб 300 дона инкубатор етказиб берилди.

Бу йил ёш тадбиркор фаолиятини кенгайтириш учун банкдан кредит олмоқчи бўлди-ю, иши ҳадеганда битавермади. Ўша кунларда давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида оммавий қабуллар ўтказди-ю, бу масала қабулнинг ўзида кўриб чиқилиб, ҳал қилинди. Тадбиркорга яқинда 350 млн. сўм кредит берилди. Бу маблағ эвазига хориждан токарлик станоги, пайвандлаш дастгоҳлари харид қилинди. Айни кунларда янги ускуналар мамлакатимизга олиб келинмоқда. Бу билан қишлоқдаги яна 12 нафар инсон доимий ишли бўлади.

Қадимдан тадбиркорлари билан машҳур Қўқон шаҳрида ҳам тадбиркорлар мурожаатларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳоли бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш кўламини ошириш борасида янги-янги имкониятлар эшигини очмоқда. Айтайлик, шаҳарнинг “Ашурали Зоҳирий” маҳалласи ўрамида узоқ вақтдан бери бўш турган ерлар маҳалланинг10 нафар тадбиркорига ажратиб берилди. Улар орасида Мунаввар Ашуров ҳам бор. Бунга қадар хонадонида трикотаж маҳсулотлари тайёрлаб, йиллар давомида бу ишнинг ҳадисини олган тадбиркор йигит ҳозирча маҳалласидаги 20 нафар хотин-қизни ишли-жойли қилди.

Мунаввар Ашуров энди қўшимча ер майдони олиб, янги оилавий корхона биносини барпо этди. Қурилиш ишлари якунланиш арафасида. “Якка тартибдаги тадбиркор” мақоми “оилавий корхона”га ўзгартирилиши билан 600 млн. сўм кредит олиниб, корхона жиҳозланади, иш бошлайди. Бу билан 20 та иш ўрни уч баробарга ошади.

Мурожаатлар асосида наинки тадбиркорлик, балки йўл, сув, электр энергияси каби одамлар турмушидаги энг бирламчи масалаларга оид мурожаатлар ҳам жойига чиқиб ўрганилиб, муаммолар аҳоли ва секторлар билан кенгашилган ҳолда ҳал қилиб берилмоқда. Дейлик, Бувайда туманининг бироз чеккароқ, марказдан узоқроқ ҳудуди – Чўтака маҳалласида 30 йилдан буён ичимлик суви муаммо, кўчалар лой – чанг эди. “Эди” деганимизки, шу пайтгача норавон кўчалардан 3 км. йўл босиб сув ташиб ичган чўтакаликлар шу масалаларга ечим сўраб мурожаат қилгач, 900 та хонадонни қийнаб келаётган мазкур тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича маҳаллий дастурларга таклиф тайёрланди. Таклиф лойиҳага, лойиҳа дастурга айланди. Бу масалани ҳал қилишнинг ҳуқуқий-молиявий асоси пайдо бўлгач, амалий ишлар бошланди.

Бу йил маҳаллий дастур асосида 6 млрд. сўм эвазига ҳудудни тўлиқ ичимлик суви билан таъминлаш учун икки босқичда иш бошланди. Биринчи босқичда Дамариқ қишлоғидаги 400 та хонадонга оби-ҳаёт олиб келиш учун 6 км. ичимлик суви тармоғи тортиш, 1 та ичимлик сув қудуғи қазиш, 300 кубометрли сув сақлаш омбори ва янги электр трансформатори қуриш ишлари олиб борилмоқда. Кейинги босқичда эса қолган 500 та хонадонга ичимлик суви тортиб берилади.

Қувасой шаҳрининг “Қалъача” маҳалласи аҳолиси мурожаатлари асосида ҳудуддаги 14 та хонадонни ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам кун тартибида турган эди. Бу бўйича ҳам таклиф тайёрлаб берилгач, маҳаллий дастур асосида ажратилган 76 млн. Сўм эвазига 1,4 км тармоқ тортилиб, 14 хонадонга оби-ҳаёт кириб борди. Ўрганишлар асосида ҳудуддаги эскирган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилиб, 450 метр электр тармоғи тортилиб, электр таъминотидаги масала ҳам ижобий ҳал этилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ижтимоий давлат” ғояси, ҳар бир эҳтиёжманд инсонни ҳеч қандай истисносиз ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими мурожаатлар билан ишлаш натижаларида ҳам акс этмоқда. Бу борада биргина мисол – қўқонлик Илҳомжон Турдиев ҳикояси етти жондан иборат оила тақдирига туташ. Илҳомжон ака икки йил аввал рафиқасини сўнгги йўлга кузатди. Икки фарзандида ногиронлик бор, бир қизи турмушидан ажраб, икки фарзанди билан ота уйига қайтган. Боз устига неваралардан бири ҳам туғма ногирон. Яна бир ўғли30 ёшга қараб кетяптики, уни уйлаш, оилали қилишга уй-жой муаммо бўлиб турган эди. Сабаби етти жон 3 хонали квартирага тиқилиб яшарди. Айни масаладаги мурожаат жойига чиқиб ўрганилгач, уларга ижтимоий уй ажратилди. Оила бошлиғи икки қизи ва икки невараси билан янги хонадонга кўчиб ўтди. 

Ўрни келганда, айтиш керакки, яқинда Қўқоннинг “Темир Малик” кўчасида қуриб фойдаланишга топширилган кўпқаватли уйнинг биринчи қаватидаги 8 та хонадон ногиронлиги бор шахсларга ажратиб берилди. 

Қўқонлик икки фарзанднинг отаси Улуғбек Йўлдошев 16 ёшда юрак хасталигига учраган, ногиронлик нафақаси ҳисобига кун кечирмоқда. Юрак жарроҳлигини ўтказишга эса, табиийки, имкон қилолмади.Айни шундай оғир паллада давлатимиз унга ёрдам қўлини чўзди. Мурожаати асосида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 40 млн. сўм ажратилгач, мураккаб юрак жарроҳлиги амалиёти ўтказилди. Энди Улуғбек кундан-кун соғайиб бормоқда.

Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз! Мурожаатлар асосида муаммоларни ҳал қилиш борасидаги Президент Халқ қабулхоналарининг барча амалий саъй-ҳаракатлари шу эзгу ғоя ижобатига хизмат қилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг