Республикамиз кўмир саноатининг ресурс базасини «Ангрен» кўмир ҳавзаси ва «Шарғун» ва «Бойсун» кўмир конлари ташкил этади. Етмиш икки йиллик тарихга эга «Ўзбеккўмир» АЖ соҳанинг йирик ва асосий корхонаси бўлиб, ўз фаолиятини Тошкент вилоятида жойлашган «Ангрен» кўмир ҳавзаси базасида амалга ошириб келмоқда. Бинобарин Ўзбекистонда қазиб олинадиган кўмирнинг 85% «Ўзбеккўмир» АЖ тасарруфидаги «Ангрен» очиқ кони ҳиссасига тўғри келади. Акциядорлик жамияти Ангрендаги «Апартак» очиқ ва ер ости конларида ҳам кўмир қазиб олади. Кўмир чуқурликда, чўкинди жинслар орасида жойлашган.
«Ангрен» кўмир кони 1948 йил январь ойида қуриб ишга туширилган ва бу ерда ёқилғи очиқ усулда қазиб олинади. Ушбу кон геологлар томонидан 20-асрнинг 30-йилларида -текислик ва тоғлар чегарасида, Ангрен дарёсининг ўнг қирғоғида топилган. Шу боис у шу ном билан аталади.
"Ангрен” кўмир кони тоғ ва текислик туташган, мураккаб геологик ҳудудда жойлашган бўлиб, ушбу депозит ўзига хос тарзда ноёбдир. Бу ердаги маҳаллий жигарранг кўмир бошқа конларнинг хом ашёсига ўхшамайди. Коннинг яна бир афзаллиги шундаки, бу ерда кўмир билан бирга бошқа фойдали қазилмалар, жумладан каолин (оқ гил) ҳам қазиб олинади. Бирламчи каолин кўмир қатламларининг устки қисмида жойлашган. Ҳозирда ушбу кондан йилига ўртача 1 миллион тонна каолин қазиб олинмоқда. Бу мамлакатнинг ушбу чўкинди минералга бўлган эҳтиёжини қоплайди.
«Ангрен» - бу қалинлиги 60 метргача ва чуқурлиги 130 дан 150 метргача бўлган кўмир кони бўлиб, кўмир қатламларига етиш учун сиз хавфсизлик чораларига риоя этган ҳолда тўғри ҳаракат қилишингиз керак. Зеро, кўмирни очиқ усулда қазиб олиш катта миқдордаги тоғ жинсларини олиб ташлаш, яъни устки қатламни очиш, турли кўчкиларга йўл қўймаслик талаб қилинади.
«Ангрен» кўмир ҳавзасидан қазиб олинаётган барча кўмир фақат Ўзбекистон эҳтиёжларига ишлатилади. Ҳозирги кунда корхона мамлакатнинг қаттиқ ёқилғига бўлган эҳтиёжини қоплаш йўлида иш олиб бормоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, республика учун йилига 6 миллион тонна кўмир керак. Жорий йилда «Ангрен» кони ана шу талабнинг 3 миллион 700 минг тоннасини қондиради. Гар шундаки, эҳтиёжга яраша кўмир қазиб олиш учун очиқ конда кўмир устки қатламини очишни жадаллаштириш тақазо этилади. Бу табиийки, кўп вақт ва куч талаб қилади. Шунга қарамай, «Ўзбеккўмир» АЖ раҳбарияти имкониятларни ишга солиб, келгуси йилда 4 миллион 500 минг тонна кўмир қазиб олишни
режалаштирмоқда. Табиийки, бу кўрсаткичлар йилдан-йилга ўсиб боради. Ҳисоб-китобларга кўра, 6 миллион тонналик кўрсаткичига эришиш учун уч йил керак бўлади.
Ҳозиги кунда корзона мутахассисларининг вазифаси кўмир қазиб олиш ҳажмининг ошишига олиб келадиган очиқ конни янада ривожлантиришдир. Бундан ташқари, "Ўзбеккўмир" АЖ раҳбарияти корхонани модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш йўлларини изламоқда. Асосий мақсад аҳолига етказиб бериладиган кўмир сифатини сезиларли даражада яхшилашдан иборат. Бунинг учун конда мамлакатда илгари кўмир қазиб олишда ишлатилмаган агрегатлар ишга туширилди.
Сир эмас, илгари йирик, сифатли кўмир сифатсиз хомашё (кўмир кукуни) билан аралаштирибюборилар ва шу ҳолда электр станцияларига ҳам, аҳолига ҳам етказиб берилар эди. Бу ҳол айниқса уйини қишда кўмир билан иситувчи хонадон эгаларини қониқтирмасди. Сабаби, кўмир кукуни уй печларида яхши ёнмайди ва кўмирга қараганда анча кам иссиқлик беради.
Кўмирнинг сифатини ошириш, унинг таркибидаги кул миқдорини пасайтириш мақсадида конда бешта янги агрегат ўрнатилди ва фойдаланишга топширди. Ушбу агрегатлар бир ой ичида Ангренда, «Ўзбеккўмир» АЖ таркибига кирадиган «Тоғ-кон ускуналарини созлаш заводи» (РГТО)да йиғилди. Ушбу заводда кўмир қазиб олишда ишлатиладиган ускуналар, машиналар ва турли жиҳозларни таъмирлашни амалга оширилади.
Корхонада кўмир сифатини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Тоғ жинсларини ажратиб олиш, кўмир узатиладиган лентали конвейерни акс эттиради. Корхона ходимларининг вазифаси кўмирни тоғ жинсларидан қўллар ёрдамида ажратишдир. Хозирги вақтда айнан шундай хом ашё истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.
Таъкидлаш керак, кўмирнинг донадорлигини таъминлаш анча мураккаб иш. Жигарранг кўмир, нисбатан юмшоқ бўлиб, қазиб олиш, юклаш, тушириш, қайта юклаш ва тушириш жараёнида зарбалардан осон парчаналади. Бунинг олдини олиш учун қазилаётган кўмирни тўғридан-тўғри забойдан вагонга юклаш мақсадида темирйўлни забойгача узайтириш чоралари кўрилмоқда.
Ҳар куни корхона томонидан истеъмолчиларга икки фракцияда ўртача 7-10 минг тонна кўмир жўнатилади -нисбатан майдалари иссиқлик электр станцияларига, юқори сифатли - йирик, донадор кўмир аҳолига еказиб берилади.
«Ўзбеккўмир» АЖ режаларига Апартак очиқ конини ривожлантириш ҳам киритилган. Бу ерда қазиб олинадиган кўмир «Ангрен» очиқ конидаги қаттиқ ёқилғига қараганда сифат жиҳатидан устундир. Бу йил «Апартак»да ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 400 минг тоннани ташкил этади, аммо зарур кон очиш ишлари жадаллаштирилиб, келгуси йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион тоннага кўпайтирилади.