Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 03/04/2024 Кўчмас мулк ва ипотека бозорига оид ҳисоботнинг навбатдаги сони тайёрланди
Кўчмас мулк ва ипотека бозорига оид ҳисоботнинг навбатдаги сони тайёрланди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан “Ўзбекистон кўчмас мулк ва ипотека бозори” ҳисоботининг навбатдаги сони тайёрланди.

Ҳисобот Бизнесни ривожлантириш банки ҳомийлигида тайёрланиб, уй-жой бозори динамикаси, талаб ва таклиф, уй-жойни сотиб олиш ва ижарага олиш нархлари, давлат томонидан уй-жой бозори иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чоралар, шунингдек, аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг долзарб масалалари, ер участкалари ва қурилиш материалларининг нархлари каби омиллар таҳлилини ўз ичига олади.

Асосий хулосалар:

2020-2023 йилларда бирламчи ва иккиламчи бозордаги уйларнинг ўртача нархлари 70-80 фоиз ошган ва бу мазкур даврда истеъмол нархлари ўзгаришидан мос равишда 1,4 ва 1,6 баробарга юқори ҳисобланади. 

Ипотека кредитлари, айниқса давлат дастурлари доирасида паст даромадли оилалар ва биринчи марта уй сотиб олувчилар учун мўлжалланган имтиёзли ипотека кредитлари уй-жойга бўлган талабнинг сезиларли даражада ошишига олиб келган.

Маълумот учун: 2017-йилда аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 2,6 трлн. сўмни ташкил этиб, номинал ЯИМга нисбатан 0,8 фоиз бўлган бўлса, 2023-йилда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 16,9 трлн. сўм ва 1,6 фоизга етди. Бу эса 2023-йилда аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 2017-йилдагига нисбатан 6,4 баробар кўпайганлигини кўрсатади.

Уй-жой сотиб олишни молиялаштиришда тижорат банкларининг роли ва аҳамияти ошиб бормоқда. 

Маълумот учун: 2021-йилда ипотека кредитларини молиялаштиришда банкларнинг ўз маблағлари улуши 8,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2022-йилда 26,3 фоизга, 2023-йилда 33,9 фоизга етди. Бу эса банк секторининг кўчмас мулк бозоридаги иштироки тобора ошиб бораётганлигини кўрсатади.

2023-йилда Тошкент шаҳридан ташқари республиканинг барча ҳудудларида бирламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредити олган аҳолининг энг камида 40 фоиздан ортиқ қисми дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплашда субсидиялардан фойдаланган.

Уй-жой қурилиши учун ер участкаларининг нархлари йилдан йилга сезиларли даражада ўсиб бормоқда. 

Маълумот учун: Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланмагунча 2023-йилдан янги қурилишларга мораторий эълон қилиниши натижасида қурилиш учун ер участкалари сотилиши тўхтатилди. Мораторий эълон қилинишидан олдин аукцион савдоларига чиқарилган ва 2023-йилда сотилган (3 лот) ерларнинг 1 кв.метри учун нархлар 6,3 млн. сўмдан 11,4 млн. сўмгача бўлган қийматларни ташкил этди.

Уй-жой қурилиши нархига таъсир қилувчи асосий омиллардан бири бўлган цементнинг нархи пасаймоқда ва мамлакатда цементга бўлган эҳтиёжнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қопланиш даражаси ортиб бормоқда. Шу билан бир қаторда арматура нархи ҳам пасаймоқда.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод ва Сирғали туманларида ерусти метросининг қуриб, фойдаланишга топширилиши уй-жой илгари пойтахтнинг бошқа туманларидагига нисбатан арзонроқ бўлиб келган ушбу ҳудудларида турар жойларнинг жозибадорлиги ва қиймати ошишига ҳисса қўшди. Хусусан, 2022-йилда уй-жойларнинг 1 кв.метри учун ўртача нарх Сирғали туманида 775 АҚШ долларини, Яшнобод туманида 875 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2023-йилда нархлар мос равишда 979 доллар (26,3 фоиз) ва 1087 долларгача (24,2 фоиз) кўтарилган. Яшнобод туманидаги янги уй-жойларнинг нархи ўртасидаги тафовут (стандарт оғиш) 2022-йилда 273, 2023-йилда 446, Сирғали туманида эса мос равишда 148 ва 221 ни ташкил қилди. 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг