Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 21/12/2023 Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш –давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши
Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш –давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши

Жорий йилнинг 19 декабрь куни юртимизда яна бир муҳим йирик халқаро тадбир – Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, 40 дан ортиқ давлат делегациялари ва халқаро мукофот совриндорлари иштирок этишди. 

Маросим давомида Ўзбекистон Президенти Қатар Амири билан биргаликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди. 

Бундан ташқари, икки мамлакат раҳбарлари Тошкент шаҳрида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монументни расман очиб бердилар.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг жамият ривожидаги самараси ва мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшиланиши ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек Шавкат Мирзиёев ушбу йўналишда яқин келажакда амалга ошириладиган режа ва вазифаларни белгилаган ҳолда бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. 

Таъкидлаш жоизки, ташкил этилган анжуман Ўзбекистоннинг фаол ва прагматик сиёсатининг навбатдаги амалий натижасидир. Яъни, ўзининг конструктив ёндашувлари ва очиқлик сиёсати туфайли мамлакатимиз дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Кўплаб етакчи давлатлар ҳамда турли халқаро ва минтақавий ташкилотлар юртимиз тимсолида ишончли ҳамкорни ва Марказий Осиё минтақасининг салмоқли вакилини кўришмоқда. 

Шу нуқтаи назардан қарасак, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши кураш умумжаҳон ҳаракатининг навбатдаги муҳим тадбирига мезбон сифатида танланиши ҳам бежиз эмас. Мазкур ҳодиса мамлакатимиз жаҳон дипломатик марказларидан бирига айланаётганлигини кўрсатади. 

Бу орқали юртимиз глобаллашаётган дунёда ўз ўрнини мустаҳкамламоқда, долзарб халқаро муаммолар юзасидан ўз қарашлар тизимини илгари сурмоқда ва уларнинг ечими бўйича самарали механизмларни шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. 

Қолаверса, ўтказилган тадбир Ўзбекистон ички барқарорлиги ва изчил тараққиёти мақсадларига эришиш нуқтаи назаридан ўта муҳимдир. Чунки юртбошимиз анжумандаги нутқига эътибор қаратсак, коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини ва бу ортга қайтмас даражага чиққанини англаш мумкин. 

Жумладан, Ўзбекистон Президенти ўз маърузасида онги ва қалби болаликдан «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифа эканлигини белгилаб берди. 

Бу борада БМТнинг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этишдан манфаатдор эканлигимиз таъкидланди.

Бундан ташқари, Юртбошимиз коррупцияга қарши курашишдек мураккаб жараёнларда энг олдинги сафларда бораётган ОАВларнинг ўрнини алоҳида қадрлашини айтиб ўтди. Бу жабҳада журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва ушбу соҳа вакилларининг таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Яна бир муҳим жиҳат – эндиликда коррупцияга қарши кураш тадбирлари бўйича халқаро ҳамкорлик янада кучайтирилади. Ўзбекистон раҳбари коррупция бир давлатнинг ички муаммосидан глобал таҳдидга айланиб улгурганлигини яна бир бор таъкидлади. Мазкур муаммога эса якдил ечим керак. Буни самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўймасдан, умумминтақавий қарашлар тизимини шакллантирмасдан ва кураш механизмларини мувофиқлаштирмасдан тўлақонли амалга оширишнинг имкони йўқ.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Президенти ўз нутқида коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини ва уларда мамлакатимизнинг фаол қатнашишини қайд этди. Бу борада ўтган ойда Тошкентда ишга тушган Коррупцияга қарши курашиш конвенциясининг Минтақавий платформасидан кенг фойдаланиш режаси борлиги маълум қилинди. 

Бу ўринда, нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси халқаро ҳамкорликни кучайтириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.

Коррупцияга қарши кураш эндиликда умуммиллий ҳаракатга айланиши лозимлиги яна бир эътироф этилди. Юқоридаги иллатни профилактика қилиш масалаларига фақат давлатгина масъул бўлиб қолмай, балки ҳар бир фуқаро ушбу жараённинг бевосита фаол иштирокчисига айланишини кўрсатади. 

Энг асосийси, бунда ёшларнинг фаоллиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўналишда ривожланган мамлакатларнинг етук тажрибаларидан, халқаро ташкилотларнинг мавжуд имкониятларидан ва ресурсларидан самарали фойдаланишни бугунги даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда бўлиб ўтган навбатдаги халқаро даражадаги тадбир Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши муросасиз курашувда қатъий ва дадил позицияда эканлигини кенг жамоатчиликка ва халқаро хамжамиятга намоён этди. Мамлакатимиз раҳбарияти мазкур жараённи очиқ, изчил, давомли бўлишини ва узоқ истиқболга мўлжалланган стратегия доирасида амалга оширилишини кафолатлади. 

 

Сарвар Камолов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими

 

Азиз Каримов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

ҳузуридаги СМТИ етакчи илмий ходими

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг