20-октябрь куни “Joongang Daily” нашри Корея Республикасининг энг яхши университетлари рейтингини чоп этди. Рейтингда Корея Республикасидаги Инҳа университети 177 балл тўплаган ҳолда 10-ўринни эгаллади.
“Joongang Daily” рейтинги университетлар фаолиятини тадқиқот, таълим, ўқув юрти битирувчиларининг иш билан таъминлаш даражаси, фонд фаолияти ва бошқа кўрсаткичлар асосида баҳолаган.
Инҳа университети кўрсаткичларнинг кўпида биринчи 10 таликда, ёки унга яқин ўринларда жойлашди. Мисол учун, олий ўқув юрти “Ходимларни ишга олиш учун тавсия қилинадиган университет” ва “Мактабни битиргач, ўқиш учун энг яхши университет” бўйича кўрсаткичларда 6-ўринни эгаллади.
Буларнинг ҳаммаси, Корея Республикасидаги Инҳа университети юқори сифатли таълим ва тадқиқотлар дастурларини таклиф этишидан далолатдир.
Бу йилдан бошлаб Корея Республикасидаги Инҳа университети “Jungseok ISGS” дастурини очди. Дастур ёшларга Кореянинг етакчи университетларидан бирида бакалавр даражасини олишга имконият яратади.
“Jungseok ISGS” дастури ёшларга Корея Республикасидаги Инҳа университетида таълим олиш ҳамда глобал тадқиқотлар соҳасида бакалавр даражасини олиш имконини беради. Дастур томонидан аълочи талабаларга грантлар ажратиш кўзда тутилган.
Мазкур дастур глобал бизнес соҳасида етакчиларни тайёрлашга қаратилган ҳамда халқаро бизнес, халқаро савдо, моддий-техник ва маданий бошқарув соҳасидаги асосий мавзуларни қамраб олади. Барча курслар инглиз тилида ўтилади, шу туфайли абитуриентларнинг инглиз тили даражаси яхши бўлиши керак.
Ушбу дастурга қизиққан ёшлар ҳужжатларини 2016-йилнинг 3-ноябрига қадар топширишлари лозим. 4-ноябрдан 8-ноябрга қадар Корея Республикасидаги Инҳа университети вакиллари дастурга ҳужжат топширган ёшлар билан суҳбат ўтказиш учун Тошкентга келадилар.
Шу ўринда, эслатиб ўтамиз, Корея Республикасидаги Инҳа университети Ўзбекистонда ҳам ўзининг юқори сифатли дастурларини таклиф этмоқда. 2014-йилда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети очилди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ёшларга «Компьютер инжиниринг», «Дастурий инжиниринг» ва «Логистика» йўналишлари бўйича ўқув дастурларини таклиф этмоқда.
IUT ўқув дастури Корея Республикасидаги Инҳа университетининг таълим дастурларига тўлиқ асосланган. Шу билан бирга Корея Республикасидаги Инҳа университети вакиллари таълим сифатини таъминлаш учун IUTдаги академик жараёнларни назорат қиладилар. IUTда юқори малакали хорижий ва маҳаллий профессорлар ишлайдилар ва улар ёшлар билан ўз билимлари ва тажрибаларини ўртоқлашадилар.
Натижада қисқа вақт ичида IUT Ўзбекистондаги энг обрўли олий ўқув юртларидан бирига айланди ва ҳар йили университетда ўқишни истаган ёшларнинг сони ошиб бормоқда. Агар 2015-йилда 800 нафардан зиёд ёшлар университетда ўқиш учун ўз ҳужжатларини топширган бўлсалар, 2016-йилда бу сон 1432 нафарга етди. Бугунги кунда IUTда 700 нафарга яқин талабалар таҳсил олмоқда.