Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан учрашувда парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг Спикери Чон Сэ Гюн самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги фикрларини баён этди.
– Жанубий Корея сиёсатчилари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ олиб борилаётган тизимли ислоҳотларни юқори баҳолайди, – деди Чон Сэ Гюн. – Ислоҳотларнинг ўз вақтида, босқичма-босқич, шунингдек, сифатли амалга оширилиши Ўзбекистон учун янги имкониятлар очмоқда. Ушбу жараёнда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга тайёр.
Корея Республикаси делегацияси аъзолари Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Меҳмонлар эзгу ниятларимиз рамзи, ҳурриятимиз тимсоли бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. ЎзА.