КОIСА Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетида Таълим ва Тараққиёт бўйича Билим Алмашинуви Дастурини ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 24 апрель куни КОИСАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида (ТДИУ) 2025 йил учун илк Билим алмашинуви дастури ташкил этилди. Мазкур тадбир КОИСА томонидан Кореяда ўтказилган ўқув дастурлари орқали эгалланган билим ва тажрибаларни Ўзбекистон маҳаллий ҳамжамиятлари билан бўлишишга қаратилган ташаббус доирасида ўтказилди.
Билим алмашинуви дастури Кореяда ўқув курсларини тамомлаган КОИСА битирувчиларига ўз билим ва тажрибалари билан бўлишиш, шунингдек, бу билимларни Ўзбекистон тараққиёти йўлида қандай қўллаш мумкинлиги юзасидан ўз қарашларини тақдим этиш имконини беради. Ушбу тадбир КОIСА битирувчилари уюшмаси билан ҳамкорликда, КОIСА Ўзбекистон ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
Тадбирда КОIСА битирувчиси, КАISТ университетида ижтимоий иқтисодиёт йўналишида магистрлик даражасини олган Нурбек Қурбонов “Иқтисодий таъсир: Таълим ва ҳамкорлик орқали ҳаётни ўзгартириш” мавзусида тақдимот ўтказди. Тақдимот мазмуни ТДИУ талабаларининг қизиқишларига мос тарзда ишлаб чиқилиб, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш масалалари ёритилди.
Ушбу дастурда 100 дан ортиқ ТДИУ талабалари фаол иштирок этди ва катта қизиқиш билдиришди. Университет раҳбарияти ва етакчи профессор-ўқитувчилар ҳам тадбирда қатнашиб, бу ташаббусга юқори эътибор ва қизиқиш билдирганликларини кўрсатишди. Бу эса ТДИУнинг халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва глобал таълимни ривожлантириш борасидаги интилишини яққол намоён этди.
КОIСА Ўзбекистон давлат идоралари ва давлат секторидаги мутахассислар учун СIАТ (Capacity Improvement and Advancement for Tomorrow) дастурларини таклиф қилиб келмоқда. Мазкур дастурлар қисқа ва узоқ муддатли курсларни ўз ичига олади ва шу кунгача 2600 дан ортиқ иштирокчи ушбу таълим дастурларини муваффақиятли якунлаган. Бу ташаббус миллий салоҳиятни ошириш ҳамда Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.