Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Цзян Ян хоним ва ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси жаноб Чжан Вэнчуан билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида “Кўнгил кўзи” лойиҳасини амалга оширишда икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларни ўқув, бадиий, илмий ва бошқа турдаги адабиётлар билан таъминлаш, матбаа ускуналарини модернизация қилиш, босмахона ва ишлаб чиқариш биносини таъмирлаш, Кўзи ожизлар босмахонасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Хитой томони Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашувига шароит яратиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб, “Кўнгил кўзи” лойиҳасини амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги.