Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 23/12/2016 Кейинги 5 йилда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми 1,8 баробар оширилади
Кейинги 5 йилда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми 1,8 баробар оширилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 21-декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши ҳамкорлигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиқадиган муҳим устувор вазифалар муҳокамасига қаратилди.

Қайд этилганидек, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган 2017-йилда аҳоли билан мулоқот қилишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш борасида Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши зиммасига ҳам қатор масъулият ва вазифаларни юклайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидланганидек, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган ҳақиқат Кенгашнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларига дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Зеро, бугунги кунда фермерлик ҳаракати мамлакат тараққиётининг муҳим жабҳасига, ишлаб чиқариш корхоналарининг асосий хом ашё базасига, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишда, қишлоқни жадал ривожлантириш ва ободонлаштиришда, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда асосий кучга айланиб бормоқда.

Таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари маърузасида қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш инсон манфаатларини таъминлаш, хусусан, аҳолимизнинг ярмидан кўпи яшайдиган қишлоқ жойларда ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш билан бевосита боғлиқ эканлиги алоҳида қайд этилди.

Бу эса ўз навбатида соҳадаги тизимли ўзгаришларда илғор хорижий тажрибаларни қўллаган ҳолда, юқори технологияга асосланган интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш, экспортга йўналтирилган мева-сабзавот ва озиқ-овқат ҳамда чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, кейинги 5 йилда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини 1,8 баробар ошириб, бугунги 17 фоиздан 30 фоизга кўпайтириш, хомашёни, энг аввало пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича аниқ режалар белгилаб олиш, шунингдек, 2017-2020 йилларга мўлжалланган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни якунига етказиб, қишлоқ жойларида кичик ишлаб чиқариш шохобчаларини ва сервис хизматлари ташкил этишни долзарб масала қилиб қўяди.

Шу билан бир қаторда йиғилиш иштирокчилари мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 2030 йилгача 2 баробардан зиёд кўпайтиришга эришиш борасида юртимиз фермерларининг ҳам улкан ҳиссаси мавжуд эканлигини таъкидладилар.

Тадбирда шунингдек, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаётганлиги ва бу борада энг аввало, агросаноат комплекси ва унинг локомотиви, яъни ҳаракатга келтирувчи кучи бўлган кўп тармоқли фермер хўжаликларини изчил ривожлантиришга катта эътибор қаратиш ва бу борада аниқ чора тадбирлар белгилаб олиш лозимлигига эътибор қаратилди.

Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, фермерлар бундан кейин ҳам фақат ғалла, буғдой, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорти билан чекланмай, давлатимизнинг иқтисодий қудратини ошириш, қишлоқ ҳаётига обод турмуш ғоясини олиб кириш ҳамда шакллантиришнинг илғор субъекти бўлиб қоладилар.

Мажлисда билдирилган фикр мулоҳазалар, кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг