Карамай шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар АКТ бўлимлари раҳбарларининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 17 июнь куни Шинжон-Уйғур автоном райони Карамай шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув давомида ШҲТ доирасида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, сунъий интеллект, катта маълумотлар, булутли ҳисоб-китоблар, ақлли шаҳар технологиялари каби илғор рақамли ечимларни жорий этиш, шунингдек, ахборот хавфсизлиги, рақамли инфратузилма, давлат бошқаруви ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
Йиғилиш якунида ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида рақамли трансформация соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Ҳаракатлар режасининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
– Рақамли трансформация сиёсати бўйича ҳамкорлик
– Рақамли инфратузилма ривожи
– Рақамли ҳукуматни жорий этиш
– Булутли ҳисоб-китоблар бўйича ҳамкорлик
– Кичик ва ўрта бизнесни рақамлаштириш
– Рақамли технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш
– Кадрлар алмашинуви ва мутахассислар тайёрлаш